Тиббий хизматлар сифати янада яхшиланади

29.12.2020 13:12:46

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини ҳаяжон билан тингладик. Ушбу Мурожаатномада якунига етаётган йилда қўлга киритилган натижалар, эришилган ютуқлар атрофлича таҳлил этилиб, сарҳисоб қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Давлат аҳамиятига молик ҳар бир масала юзасидан аниқ далиллар асосида куюнчаклик билан муносабат билдирилди.

Эътиборли жиҳати, 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда биргина соғлиқни сақлаш тизимини олсак, миллатимиз генофондини сақлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор. Шу мақсадда, 2021 йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

Бунда биз — мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига масъул этиб белгиланган парламент Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Яъни, ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан мулоқот қилганимизда уларни ўйлантираётган масалалар билан бирга, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифатига алоҳида эътибор беришимиз лозим. Ўз олдимизга қўйган аниқ вазифаларни амалга ошириш орқали эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида янги-янги марраларнинг қўлга киритилишига ишончим комил.

 

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+