Тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади

19.05.2022 11:05:25

Мамлакат тараққиётининг янги даврида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади.

Жорий йилнинг март ойида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотида тиббиёт соҳасида йиғилиб қолган тизимли муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича қатор вазифалар белгиланган эди. Бугунги кунда мазкур вазифалар ижроси босқичма-босқич бажариляпти.

Президентимизнинг “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжат билан 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари тоифасига қараб 10-15 фоизга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларининг 75 фоизи гуруҳидан қатъи назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтириладиган бўлди.

Ходимларни янги рағбатлантириш тизимининг эътиборли жиҳати шундаки, давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар, янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Электорат билан учрашувлар жараёнида кўп маротаба шифокорлар ва тиббиёт ходимлари томонидан кўтарилган яна бир долзарб масала фармон билан ўз ечимини топди, десак асло муболаға бўлмайди.

Яна бир муҳим масала. Эндиликда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда тиббиёт ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағларни доимий равишда тиббиёт муассасаларининг харажатлар сметасида кўзда тутилиши таъминланади.

Тиббиёт ривожи илмсиз бўлмайди. Касалликлар профилактикасида фаол қатнашаётган ва касалликларни даволашнинг янги усуллари ва услубларини ҳаётга жорий этаётган, даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларини рағбатлантириш, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўлашни белгилаш тиббиётда илмий ёндошувларнинг кучайишига олиб келади.

Бир сўз билан айтганда, миллат бойлиги бўлмиш инсон саломатлигини авайлаб-асраш, мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотлар халқимиз генофондини сақлашга замин яратади.

Нодира ЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+