Тиббиёт тизими раҳбарларининг маҳаллий Кенгашларда ҳисобот бериш тартиби жорий этилади

05.05.2022 12:05:46

Саломатлик — инсон ҳаётидаги энг биринчи ва бирламчи эҳтиёж ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳмиятлидир.

Жумладан, ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилиб, кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилмоқда. Шунингдек, уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи тўлаб берилиши белгиланди.

Албатта, ушбу ўзгариш аҳолининг бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Боиси, кўплаб олис ҳудудларда уй рўзғор ташвиши билан банд бўлган фуқаролар, айниқса аёлларимиз куннинг қайсидир бир қисмида вақт ажратиб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга чиқиш имконияти бўлмагани боис баъзи бир касалликларни дастлабки даврида аниқлаб, бартараф этишдан кечка қолган ҳолатлар ҳам кўплаб кузатилаётган эди.

Шу билан бирга, соҳа ходимлари фаолиятига ҳам замонавий бошқарув механизмлари татбиқ этилмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 августдан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий этилади. Бунда ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлиб хизмат қилади.

Ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилиб, энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарлари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.

Албатта, бу тизим ҳам соҳа раҳбарларининг ўз фаолиятига бўлган масъулиятини ошириш билан бирга, ҳудудий кенгашларнинг аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳамда унинг ҳолатидан доимий равишда хабардор бўлиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.

Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва бериладиган дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобиль илова яратилиб ишга туширилади. Ушбу мобиль илова фуқароларга тиббий хизматдан фойдаланишда аниқ йўналиш ва маълумотга эга бўлиш имконини беради. Сабаби, сўнгги вақтларда аҳолига бепул кўрсатилиши лозим бўлган тиббий хизматлар билан боғлиқ кўплаб тушунмовчиликлар ҳам юзага келаётган эди.

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг соҳага татбиқ этилиши, мамлакатимиз тиббиётини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+