Тинч ва барқарор ривожланишга қаратилган ҳамкорлик йўли

14.09.2022 20:09:27

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида тинчлик-тотувликни, тараққиёт йўлида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича таҳлил этилган.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган бир вақтда “тарихий эврилиш” палласига тўғри келганлигига алоҳида урғу берилиб, бир тарихий давр ўз ниҳоясига етгани, янги бир давр бошланаётгани, халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқати эканлиги баён қилинган.

Мақолада дунёда содир бўлаётган глобал хавф-хатарларни бартараф этишнинг ягона йўли конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик асосида бартараф этиш, дунёнинг барча давлатлари асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратиши, саъй-ҳаракат ва имкониятларини бирлаштириши ва сафарбар этиш орқали муштарак мақсадларга эришиш мумкинлигига ҳам урғу берилган.

Шунингдек, бугунги кунда давлатларининг ўзаро ҳамкорликда ривожанишини кўп томонлама институтларсиз амалга ошириб бўлмаслиги, самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омили эканлиги, ҳудди шундай институтлардан бири бу – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти эканлиги эътироф этилган.

Ҳақиқатдан ҳам ШҲТ қисқа вақт ичида нуфузли, дунё аҳолисининг ярмини тинчлик ва барқарор ривожланиш йўлида бирлаштирган йирик халқаро ташкилотга айланди. Бугунги кунда ШҲТнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашдаги салмоқли ҳиссаси кундек равшан бўлиб турибди. Унинг биринчи галда терроризм, экстремизм ва сепаратизм таҳдидларига қарши кураш соҳасида эришган муваффақиятлари аёндир.

Бинобарин, ШҲТга аъзо барча давлатлар – энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик ҳамкорларимиз бўлиб, ташкилотга раислик бизга улар билан кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар берди.

Ташкилотнинг яна бир эътирофга лойиқ томони, унинг турли блоклардан холи мақомга эканлиги, очиқлик, учунчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи давлатларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслигидир.

2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик даврида “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” шиори остида ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйилди.

Ташкилотга аъзо давлатлар бугун ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби бир қатор соҳаларда самарали ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Сир эмаски, ер юзининг сайқали, қадимий Самарқанд дунё ҳамжамияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган тарихий шаҳардир. Мақолада келтирилганидек, ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган.

Бугун Самарқанд минтақавий ривожланишга пойдевор қўяётган тарихий мулоқот майдонига айланаётганлиги билан барчамизни бирдек қувонтиради. Президентимиз айтганидек, “Самарқанд руҳи бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишга туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради”.

Шунга кўра, ШҲТнинг Самарқанд саммити ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга ҳамда ШҲТни ривожлантиришга хизмат қилади, деб баралла айтоламиз. Зотан, унда муҳим концептуал ҳужжатлар, жумладан, ШҲТнинг тадрижий ривожини янги босқичга олиб чиқувчи ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

 

 

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+