Транс-афғон коридори — минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади

08.02.2021 15:02:50

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 фералдаги Фармони билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Давлат дастури 274 банддан иборат бўлиб, унинг бешинчи, яъни ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши жами 30 та вазифани қамраб олган.

Хусусан, Давлат дастурида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва мазкур мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида аниқ манзилли тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам алоҳида бандда кўрсатиб ўтилган.

Бу айни муддаодир. Зеро, асрлар давомида Афғонистон Марказий Осиёни бошқа минтақалар, хусусан, Жанубий Осиё билан боғловчи кўприк вазифасини ўтаб келган. Шу боис, келгусида Афғонистоннинг ана шу тарихий ролини қайта тиклаш, унинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш нафақат унинг ўзи  учун, балки Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга. Транс-афғон коридорининг барпо этилиши, ҳеч шубҳасиз, минтақалараро савдо-сотиқни кенгайтириш, маданий ва илмий-гуманитар соҳаларда  ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратади.

Ҳозирда Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари билан ушбу лойиҳани амалга ошириш йўлида дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Жорий йилнинг 2 февраль куни Тошкент шаҳрида Афғонистон ташқи ишлар вазири Х.Атмар, Покистон бош вазирининг савдо, саноат ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси А.Р.Довуд иштирокида “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўлининг қурилиши бўйича ташкил этилган учтомонлама йиғилиш фикримизнинг яққол тасдиғидир. Темир йўлни қуриш бўйича аниқ Ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши билан якун топган мазкур йиғилиш том маънода тарихий воқеа бўлди.

Таъкидлаш жоиз, келгусида Транс-афғон коридорининг барпо этилишидан Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча мамлакат бирдек манфаат топади. Агар Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, бугун Покистон ва Ҳиндистон билан товар айирбошлаш ҳажми 500 млн. доллардан ошмайди. Бунинг сабаби – бизни ушбу мамлакатлар билан тўғридан тўғри боғлайдиган транспорт коридорининг мавжуд эмаслигидир. Ваҳоланки, салкам 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё мамлакатлари саноати тобора юксалиб бораётган Ўзбекистон учун улкан бозор вазифасини ўташи мумкин.

 “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнини янада жадаллаштиришга олиб келади. Чунки Афғонистонда тинчлик ўрнатишга жалб қилинган барча давлатлар, хусусан, Покистон, Ҳиндистон, Россия, АҚШ, Хитой каби давлатлар мазкур лойиҳага қизиқиш билан қарамоқдалар.

Молиялаштириш масаласига келсак, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Европа ривожланиш ва реконструкция банки, Европа инвестиция банки каби бир қатор нуфузли халқаро молиявий институтлар ушбу лойиҳани молиялаштиришга тайёр эканликларини билдиришмоқда. Бу эса мазкур лойиҳа сароб эмаслигини, қатъий сиёсий ирода намоён этилган тақдирда у албатта рўёбга чиқиши мумкинлигини англатади.

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастурида кўрсатилган Транс-афғон коридорининг барпо этилиши келгусида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кооперация  учун улкан имкониятлар очиб беради.

 

 

Қодир ЖЎРАЕВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

 қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+