Туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошади

27.08.2022 20:08:45

Самарқанд азалдан улкан кашфиётлар, мисли кўрилмаган бунёдкорликлар, ақлни шошириб қўядиган маданий-маърифий тадбирлар маскани бўлиб келган. Бу боқий шаҳар ўзининг бетакрорлиги, беназирлиги, сержилолиги ва маҳобати билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонларни ҳам лол қолдирган.

Кечаги чорлов эса барчамизда ўзгача таассурот қолдирди. Бу гал мен Самарқандни қайтадан кашф этдим, десам муболағага йўйманг. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиш маросимидаги нутқини тинглаб ва бу ердаги ўзгаришлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратландим.

Марказга “Буюк ипак йўли” деб ном берилишида ҳам чуқур маъно бор. Менимча, бу ерда ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. Масалан, “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.

Бунда қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандлик устахонаси ташкил этилган бўлиб, унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларини сайёҳларга намойиш этади.

Эътиборлиси, янги туризм маркази келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 1,5 миллиондан оширишда муҳим ўрин тутади. Қисқаси, келгуси беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказиш мақсад қилинган. Бу орқали туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошади.

Демак, Янги Самарқанд меҳмонларни янгича ва ўзгача кутиб олишга бел боғлади. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирларнинг шу ерда бўлиб ўтиши, келгуси йилда эса, Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ҳамда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг айнан шу мажмуада ўтказилиши сўзимиз исботидир.

Умуман олганда, “Боқий шаҳар достони” мусиқали ҳикояси янги марказнинг образли ифодаси бўлди. Миллий ва дунё санъати уйғунлашган шоу ҳар биримизда ўзгача шукуҳ руҳиятини очиб берди. Самоларга йўғрилган юлдузлар жамланмаси бамисоли юртимиз бошидаги рамзий тожга қиёсланди.

 

         

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+