Уй-жой қурилишида энергетик ва моддий ресурслардан самарали фойдаланиш – устувор вазифа

05.03.2021 12:03:23

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ҳамда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларни арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш сўннги тўрт йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида устувор аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, ўтган тўрт йил давомида фуқаролар талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда арзон уй-жойлар қуриш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиниб, 140 мингта уй-жой қуриб битказилди. Натижада, 140 минг уй-жойга эга бўлган оилаларда яшовчи миллионлаб фуқароларимиз аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотларни бевосита ўз ҳаётлари мисолида ҳис қилишди.

Қувонарли тарафи, бу каби эзгу ташаббуслар юртдошларимизга янада кенгроқ имтиёзлар билан тизимли тарзда давом эттирилмоқда. Хусусан, куни кеча уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан халқимизнинг дили ва тилидаги бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Бу ташаббуслар юртдошларимиз томонидан катта бир хурсанчилик билан кутиб олинди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида жорий йилда 54 минг оила уй-жой билан таъминланиши ва бунда 45 мингта хонадон давлат ипотека дастури доирасида қурилишини маълум қилди.

Хусусан, 2021 йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари томонидан 12 мингта уй, Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26 минг 500 та квартира, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 8 мингта хонадон фойдаланишга топширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит берилади. Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилади.

Яна бир эътиборли томони шундаки, эндиликда уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилади. Хусусан, 2020 йил пандемия дарида қурувчиларга берилган имтиёзлар 2021 йил якунигача сақлаб қолинади. Шу билан биргаликда, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр тизими киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Фуқароларимизнинг паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожларига 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Юқорида таъкидлаб ўтилган ҳаётий ташаббуслар эса ўз навбатида биз парламент аъзоларидан улкан масъулият талаб қилади. Эндиликда депутатлар аҳолимизнинг арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни тизимли ва изчил назорат қилиб, мазкур хонадонлар ўз вақтида ҳақиқатдан ҳам уй-жойга эҳтиёжи бор оилаларга берилишини таъминлашимиз зарур.

Шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқларда қад ростлайдиган 54 мингдан ортиқ уй-жойларнинг қурилишида энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг “яшил белбоғлари”ни кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилиш, шаҳарни режалаштириш ишларига ёндашувни тубдан ўзгартириш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда қурилиш ишлари амалга оширилишини назорат қилиш даркор.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+