Уй-жойларнинг нархи борасида адолат қарор топади

05.03.2021 11:03:48

Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг аҳоли билан бўлган учрашувларида одамларнинг яшаш шароити, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш мақсадида амалга ошириладиган ўрганишлар чоғида, асосан, уй-жой муаммоси биринчи навбатда туради. Аҳолига мансуб кам таъминлаган оилалар, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган фуқаролар аксарият ҳолларда уй-жой муаммосини ҳал этиб бериш масаласини кўтарадилар.

Жорий йилнинг 3 март куни давлат раҳбари раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинган эди. Улар асосида, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони, таққосланганда, аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўп эканини кўришимиз мумкин.

Аммо мавжуд ҳолат юртимизда уй-жой масаласининг ечими учун етарли эмас. Уйга эҳтиёжи бор оилалар сони ҳали ҳам жуда кўп. Яна минглаб уй-жойлар барпо этиш, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлаш бугунги кун учун ўта долзарб вазифадир. 

Президент аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилиши белгилаб қўйилди.

Шундан “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари томонидан 12 мингта уй, Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26 минг 500 та квартира, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 8 мингта хонадон фойдаланишга топшириладиган бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит бериш, бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилиши масаласи кўтарилди.

Ҳудудлар миқёсида айтганда, Қорақалпоғистонда 2290 та, Андижонда 4665 та, Бухорода 3220 та, Жиззахда 1670 та, Қашқадарёда 3710 та, Навоийда 1836 та, Наманганда 4025 та, Самарқандда 4479 та, Сурхондарёда 3989 та, Сирдарёда 1414 та, Тошкент вилоятида 4046 та, Фарғонада 4530 та, Хоразмда 3016 та ва Тошкент шаҳрида 7556 та уй-жой қуриб битказиш юзасидан топшириқ берилди.

Президент ўз нутқида уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш хусусида алоҳида тўхталди. Негаки, бугунги кунга келиб, уй-жойларга қўйиладиган нарх-наво одамлар учун оғир юк бўлиб қолмоқда.

Шунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Масалан, газобетон блокларини жойларда ишлаб чиқариш орқали таннархнинг камайишига эришиш мумкин. Шу боис, “Ўзстандарт” агентлигига ҳар бир ҳудудда газобетон ишлаб чиқарувчиларни стандартларга ўргатиб, маҳсулотларини сертификатлаш бўйича топшириқ берилди.

Зеро, мамлакатнинг ўз маҳсулотини ишлаб-чиқариши ва унга яроқлилик бўйича сифат кафолатини бериши бугунги кун учун ўта муҳим масала ҳисобланиб, ялпи ички маҳсулот салмоғининг кўтарилиши юртимиз мустақиллигининг мустаҳкамланиши учун зарур омил ҳисобланади.

Йиғилишда қурилиш ишларининг молиявий манбалари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши таъкидланди.

Фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланди. Бундай кредитлар 20 йилга ажратилиб, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилиши вазифаси қўйилди. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.

Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.

Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.

Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Йиғилишда оғир турмуш шароитидаги оилаларни ижтимоий ижара асосида уй билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилиши қайд этилди. Шу билан бирга, ижтимоий ижарани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, хусусий уйлар ижара ҳақининг бир қисмига субсидия бериш ёки фойданилмаётган ётоқхоналарни таъмирлаб, ижтимоий ижарага ажратиш мумкин.

Давлат раҳбари видеоселектор чоғида муҳтож оилалар учун  берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарур экани хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борада, маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Ушбу комиссия қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Айтиш жоизки, бу борада маҳаллаларда алоҳида иш олиб борилиши, уй-жойга муҳтожлиги баланд бўлган оилалар ўзининг тўлов қобилиятига кўра табақалашиши ва мавжуд эҳтиёжларни адолатли ҳал этиш механизмининг яратилиши катта аҳамият касб этади.

Видеоселектор чоғида давлатимиз раҳбари қурилиш сифати масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир лойиҳанинг ипотека веб-порталига жойлаштирилиши ва барча учун очиқ эълон қилиниши, уйларнинг бўлажак эгаси сифатни назорат қилиш имконига эга бўлиши кераклиги таъкидланди. Дарҳақиқат, қурилиш соҳасида сифат даражасининг ошиши, бино ва иншоотларнинг хизмат кўрсатиш сифатининг кўтарилиши, архитектура ва дизайн соҳасида замонавий бадиий ечимларнинг талаб даражасида юзага чиқишида нафақат соха ходимлари, балки, аҳолининг ҳам талаб ва таклифларини инобатга олиш катта аҳамият касб этади.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаи

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+