Янги мақсад, янги манзилларга пойдевор бўлган саммит

19.09.2022 17:09:42

Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳали навқирон тузилма бўлишига қарамасдан жаҳон ҳамжамиятида ўз сўзи, ўз нуфузига эгадир. Эътиборлиси йилдан-йилга бу жиҳатлар ошиб, ташкилотнинг қамрови кенгайиб бормоқда. Куни кеча Самарқанд мезбонлик қилган ШҲТнинг 22-саммитида
бу жиҳатлар яққол кўзга ташланди. Айниқса, турли минтақаларда кечаётган сиёсий, геосиёсий тўқнашувлар, инқирозлар авж олган бир паллада томонларнинг дўстона муносабатларини ривожлантириш, ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот жуда муҳим эди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон бу босқичда ҳар томонлама
ўз позициясини намоён эта олди. Минтақавий мулоқот учун воситачи сифатида жуда қулай платформани тақдим этди. Бунда ҳамиша ўзининг прагматик устувор йўналишларига эга бўлган мамлакатимиз, иқтисодий ривожланиш, минтақавий барқарорлик, инфратузилма лойиҳалари, ҳудудий яхлитликни таъминлаш масалаларида қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Саммит муносабати билан ўтказилган тадбирлар, давлатимиз раҳбарининг нафақат минтақада, балки ер юзидаги тинчлик
ва барқарорликни сақлашга оид аниқ таклифларига асосланган мақоласидан тортиб, саммит мажлисида билдирган фикр ҳамда ғояларида Ўзбекистон томонининг мақсадларини аниқ кўрсатиб берди. Бугунги вазиятни “давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзули”, деб ифодалаган Шавкат Мирзиёев ундан чиқиш йўли фақат ва фақат музокаралар, ҳамкорлик ва англашиш эканини янги ташаббуслар билан исботлади. Ана шулар асосида 40 дан ортиқ битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш таклифи илгари сурилди. Ушбу дастуруламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ташклотни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши лозимлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, стратегия ШҲТ учун жуда муҳим ҳужжат бўлади. Зеро,
у Европа Иттифоқи сингари сиёсий ташкилот ҳам, НАТО каби ҳарбий блок ҳам эмас. Бу эса иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳим эканини кўрсатади. Агар ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиёти бир-бирини ўзаро тўлдириб борса, айни муддао бўлади. Чунки Ўзбекистон ҳам бундан бошқа давлатлар қатори бирдек манфаатдордир. Шу боис мавжуд салоҳиятни максимал даражада ошириб бориш зарур.

Демак, давлатларни ўзаро боғловчи транзит воситаларига эҳтиёж мавжуд. Бу эса транспорт масаласи билан ечим топади. Мисол учун, давлатлар ўртасида товар айрибошлашни ривожлантириш талаб этилади. Агар ушбу жараёнда транспорт логистика масаласи тўғри йўлга қўйилмаса, янги йўлаклар очилмаса, ишлаб чиқарилган, етиштирилган товарлар алмашинув дажарасини ошириш тўсиқлар, қийинчиликлар гирдобида қолаверади. Ўзбекистон транспорт йўналишларини оладиган бўлсак, кўпроқ шимол тарафга қаратилган ва Осиё мамлакатлари билан ихтисослашув
у қадар ривожланмаган эди. Саммитда эса бир нечта йўлакларни ташкил этиш масаласи илгари сурилди.

Хусусан, минтақа иқтисодиётини янада ривожлантириш учун кучли рағбат бўладиган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу келишув бутун Марказий Осиёнинг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга. Мазкур йўналиш ишга туширилса, келажакда бу давлатларнинг товар
ва маҳсулотлари Марказий ҳамда Жанубий Осиё мамлакатларига ҳам йўл очади.

Кейинги босқичларда эса транс-афғон йўлининг қурилиши кутилмоқда. Бу орқали имкониятлар яна бир неча баробарга ошиб, денгизга очилишимизга имкон беради. Қозоғистон Президенти эса Каспий йўналиши бўйича Қозоғистон-Туркманистон-Эронни боғловчи коридор қуришни таклиф этди. Агар саммитда илгари сурилган ғоялар амалга оширилса, Марказий Осиёда ҳалқа ҳосил бўлади. Бу ўз навбатида товар
ва маҳсулотларнинг таннархи пасайишига, экспорт салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшади. Ўзбекистон учун эса денгиз йўллари орқали Европага чиқиш имкони юзага келади.

Айтиш керакки, ўтказилган учрашувларда глобал ва минтақавий ривожланишнинг асосий масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижасида минтақадаги кескинликни пасайтиришга хизмат қилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Бир сўз билан “Самарқанд руҳи” яққол ўзини намоён этиб, тарихий қарорлар қабул қилинадиган жой вазифасини ўтади.

 

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+