Янги Ўзбекистон стратегиясида белгиланган глобал ташаббуслар маълум қилинди

24.09.2021 19:09:59

Куни кеча давлатимиз раҳбари барча аъзо давлатлар раҳбарлари каби Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида иштирок этиб нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши, сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлигини, гендер тенгликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланаётганлиги айтиб ўтилди. Натижада, Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо этиб сайланди.

Шунингдек, бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинди. Ушбу Стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборатдир.

Асосий мақсад эса, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришдир. Эътиборли томони бу режа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари руҳига уйғун ҳолада ишлаб чиқилган.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги кунда бутун дунё ва минтақа олдида кечиктириб бўлмас муаммо бўлиб турган Афғонистон масаласига ҳам тўхталиб, Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозимлиги, бу йўналишда Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётгани халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этаётганлиги таъкидланиб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттирган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келаётганлиги, бу нафақат бугунги, балки келажак авлодлар олдидаги эзгу инсоний бурчимиз эканлиги таъкидланди.

Жумладан, 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилингани учун аъзо давлатларга миннатдорчилик билдирилиб, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширилиши маълум қилинди.

Хусусан, 2030 йилга қадар Ўзбекистон иқтисодиётининг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш кўзда тутилганлиги таъкидланди. 2025 йилга қадар умумий қуввати 2900 мега-ваттга тенг бўлган янги қуёш ва шамол электр станцияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилгани маълум қилинди.

2022 йилда ушбу мақсадларга қаратилган Оролбўйи ҳудудида, яъни Нукус шаҳрида «яшил» энергетика бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро Форум ўтказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказишни таклиф этилди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари ўз нутқида нафақат Ўзбекистон ва Марказиё Осиё минтақаси, шу билан бирга бутун дунё ҳамжамияти тараққиётини таъминлашда БМТнинг келгуси фаолиятини жонлантиришга қартилган бир қатор ҳаётий таклиф ва ташаббусларни илгари суриш орқали, Ўзбекистоннинг танлаган йўли барча дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан тенг ҳуқуқлилик асосидаги муносабатларни мустаҳкамлаш эканлигини маълум қилди.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+