Ёшларга қаратилган ғамхўрлик — фаровон келажагимиз кафолати

19.04.2021 10:04:07

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштирилиб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 50 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Эътиборли томони ёш йигит ва қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи бундай қонунчиликда акс эттирилган нормалар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили саналади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши эса бу борада бошланган ишлар самараси ва кўламини янги босқичга олиб чиққанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур йиғилишда юртбошимиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг орзу ва мақсадларини қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар учун кўрсатилаётган ғамхўрлик кўламини кенгайтириш борасида бир қатор имтиёзларни маълум қилди. Бундай алоҳида кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик эса минглаб оилалар қалбига қувонч олиб кирди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан бугунги бошланган ислоҳотларимизнинг асосий кучи бўлган кадрларни ўқиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 130 мингдан зиёд ижарада яшаб келаётган талабаларнинг ижара ҳақининг 50 фоизи давлат томонидан тўлаб берилиши маълум қилинди. Эндиликда, келажакда етук кадр бўлишни мақсад қилган юз минглаб талаба ёшларимиз иқтисодий харажатларини ўйламасдан ҳар кунини ўқиб ўрганиши ва ўз устида ишлашга сарфлашлари мумкин бўлади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан,  “Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши маълум қилинди. Бундай улкан аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларнинг мамлакатимиз ғамхўрлиги асосида олиб берилиши эса миллионлаб ёшларимизга келажакда ўз ҳаёт йўлларини топишларида, шу билан бирга ҳар бир йигит учун муқаддас саналган Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташдек юксак шарафга эга бўлишига имконият яратиб беради.

Йиғилишда энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш мақсадида 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, 1 июндан бошлаб эса “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.

Бундай ғамхўрлик ва эътибор натижасида юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланади.

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари

қўмитаси раисининг ўринбосари,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+