Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш устувор вазифа саналади

19.04.2021 11:04:59

Бугунги кунда эртанги тараққиётини ўйлаган ҳар бир давлат учун жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш устувор вазифа саналади.

Юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу йўналишда аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Натижада, ёшларимиз халқаро даражадаги спорт, фан ва бошқа бир қатор йўналишлардаги танловларда юқори натижаларни эгаллаб, Ўзбекистонниинг ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишида муносиб ҳисса қўшмоқда.

Айни дамда юртимиз йигит-қизлари учун яратилаётган имкониятлар кўлами кун сайин ортиб бормоқда. Жумладан, 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида ҳам ёшлар сиёсатини амалга оширишга оид бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбарининг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари томонидан ёшлар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, зарур топшириқ ва тавсиялар берилди.

Қувонарли томони видеоселектор йиғилишида давлатимиз томонидан юртимиз ёшларининг эртанги кунга бўлган ишончини оширишга қаратилган бир қатор имтиёз ва имкониятлар тақдим этилди. Хусусан, 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади. Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисми учун ҳам субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилиниб, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.

Бундай ёшлар ҳаётининг ҳар жабҳасида берилган имтиёз ва имкониятлар минглаб ёшларимиз учун ўз мақсад ва орзулари рўёбга чиқаришида муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги вақтларда ерлардан унумли фойдаланиш, хосилдорлигини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида ҳам ёшларимиз фаол иштирок этиб келмоқда. Бугунги кунда республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшга деҳқончилик учун ер ажратиб берилган. Давлатимиз раҳбари ер олган ёшлар агротехник тадбирларни бажариб, даромад ола бошлагунча фермер ва кластерлар амалий ёрдам кўрсатиши, “Ёшлар дафтари”га кирганларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия бериш зарурлиги борасидага ҳам мутассади раҳбарларга алоҳида кўрсатмалар берди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборатдир.

 

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+