Юрт тақдирини гўзал бўёқларда яратиш шарафдир

10.03.2021 09:03:14

2020 йил 4 март куни давлатимиз раҳбарининг 8-март – Хотин қизлар куни муносабати билан мамлакатимизда ҳар жабҳада ўзининг тинимсиз меҳнати ва ташаббускорлиги билан  ибрат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ аёлларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

Жамиятимизнинг кучли ва барқарор бўлишида муҳим ўрин тутган ушбу илғор аёллар қаторида менинг ҳам “Дўстлик” ордени билан тақдирланишим мен учун улуғ инъом бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик фаолиятим давомида шунга гувоҳ бўлдимки, мамлакатнинг куч-қудратли ва барқарор бўлиши унда яшаётган ҳар бир инсонга боғлиқ. Одамлар ўз ватанини севиб, унинг фойдаси учун тер тўкиб меҳнат қилса, эртанги кун фаровонлиги учун қайғурса, ён қўшнисининг бехавотир яшашига ўз ҳиссасини қўшса, мамлакат гуллаб яшнайверади.

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият юритаётган депутатлар бири шифокор, бири қурувчи, бири шоир, юрист ва бошқа кўплаб соҳанинг етук мутахассисларидир. Уларнинг ҳар бири ўзининг касбий амалиётидан ортиб, соҳанинг ҳуқуқий мақомини яратиш билан боғлиқ фаолиятга киришиб кетганлар. Бу жараён ўзига хос мураккаб ҳисобланиб, соҳани профессионал жиҳатдан тушунишнинг ўзи етарли эмас. Эндиликда юридик билим, ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ кўникмаларни  мустаҳкам эгаллаш зарур. Шундагина соҳаларга оид қонунлар ўзининг ички хусусиятига кўра пухта ва пишиқ ёзилади ҳамда халққа чинакам хизмат қилади.

Қонунчилик ижодкорлигида аёл депутатларимизнинг ўрни катта. Н.Джанибекова (“Геном тўғрисида”), М.Ворисова (“Психиатрия тўғрисидаги қонун”), М.Ходжаева (“Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”) ва кўплаб бошқа аёл депутатлар мураккаб бўлган қонунларни ишлаб чиқиш, уларни синчковлик билан муҳокамалардан ўтказиш каби жараёнларда фаол қатнашиб, қонун имзоланганидан кейинги даврда ҳам унинг бажарилиши устидан кучли назорат ишларини олиб бормоқдалар.

Бундай муҳитда яшаб ишлаган инсон албатта ўзидан улкан фидойиликни талаб қилишга одатланар экан. Бугунги кунда ўзбек маданияти ва санъати тизимининг қонуний томонини мустаҳкамлаш, маданий фаолият билан боғлиқ жараённинг юридик мақомини белгилаш, уни қонун меъёрлари билан ҳимоялаш давр талабидир. 2020 йилнинг 20 январь куни давлат раҳбари томонидан имзоланган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ушбу мураккаб жараёндаги масалаларни ҳал этишнинг илк босқичи бўлди. Ушбу қонунни ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида менинг ҳам камтарона ҳиссам бор эканидан фахрланаман. Эндиликда ижод оламининг ривожи учун кенг йўл очиш, ижодкорларни ташкилий масалалар билан шуғулланиш эмас, балки бадиий савия устида бош қотириш, бадиий ғояни мужассамлантиришга имкон берадиган қулай шарт-шароит яратишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашимиз керак. Шу  орқалигина маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқишимиз мумкин бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, ўз қалбида масъулиятни ҳис этган инсонлар юрт тақдирини яратади. Юртимизда бундай инсонлар талайгина. Куни кеча мукофотланган хотин-қизлар қаторидан жой эгаллаганим менинг учун шарафдир. Юрт тақдирининг гўзал бўёқларда ўз ифодасини топишига даҳлдор бўлишдек улкан бахт йўқ, назаримда. Бинобарин, бундай шарафли имкониятдан оқилона фойдаланиш ва халқ ишончни оқлаш муқаддас  бурчимиздир.

 

Ойдин Абдуллаева,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+