Замонавий билим ва тажрибага эга педагоглар муносиб рағбатлантирилади

16.05.2022 09:05:38

Эртанги кунимиз ривожи, белгилаб олган стратегия ва режаларимиз самараси аввало соғлом дунёқарaшга эга, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёшларимизга боғлиқ.

Бу жараёнда эса, фарзандларимизни бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда тарбиялаб вояга етказиш муҳим саналади.

Ҳеч кимга сир эмаски, фарзанд тарбиясида унинг билим олиб етук шахс бўлиб етишишида мактабнинг ўрни беқиёс. Шу боис сўнгги йилларда мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш мақсадида мактабларда етарли даражадаги шарт-шароитни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йил бошидан буён мактаб таълимига масъул бўлган мутасаддилар Республикамиз ҳудудларида бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганди. Ўрганишлар жараёнида мамлакатимиздаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча паст эканлиги аниқланган.

Шу боис, ушбу мактаблар фаолиятига ҳам қисқа вақт ичида Президент мактаблари, ихтисослашган ва хусусий мактаблардаги каби илғор методикаларни жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Албатта, мактаб таълими сифатини яхшилашда нафақат замонавий шарт-шароитлар, шу билан бирга, унда фаолият юритувчи кадрларнинг салоҳияти ҳам аҳамиятли саналди.

Бунда эса, етук кадрлар тайёрлаш, уларни меҳнатини муносиб равишда рағбатлантириш муҳим. Куни кеча ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этишга қаратилган «2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ҳамда «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Ушбу ривожланиш дастури доирасида келгуси беш йилда мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган миллий ўқув дастури тўлақонли жорий этилади. Маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликлар амалиётга киритилиб, жамиятда ўқитувчи касби нуфузи оширилади. Педагоглар учун қулай ижтимоий муҳит ва шароитлар яратилади.

Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулияти, доимий касбий ривожланишдаги талабчанлиги ҳам ошириб борилади. Бунда умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш тизими яратилади.

Фармон билан мактабларда маънавий муҳитни ҳам тубдан яхшилашга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган. Яъни эндиликда, умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этилиб, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прогнозлаш механизмларини йўлга қўйилади.

Албатта, ушбу жараёнларда бугунги кун талаби бўлган рақамлаштириш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси, тан олиб айтиш керакки бугун жойларда халқ таълими тизими бўлимлари томонидан бошқарувнинг тўлақонли шаффоф эмаслиги сабаб, ушбу тизим сўнгги йилларда коррупциявий ҳолат энг кўп рўй бераётган уч соҳадан бири бўлиб қолмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш, педагогларга замонавий таълим бериш тизимларидан самарали фойдаланиш имкониятларини яратиш мақсадида умумий ўрта таълимда барча маълумот алмашинуви жараёнларини Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ягона дастурий мажмуаси орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳада электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтириш белгилаб берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Фармонда белгиланган вазифаларнинг энг муҳимларидан бири бу педагог кадрларни салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириб бориш тизимидир. Ушбу тизим ўз касбининг фидойиси бўлган минглаб педагогларда касбига бўлган меҳр ва масъулиятни ошишига хизмат қилади.

Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама тўлаб бориш тартиби жорий этилади.

Бунда халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳамда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида, Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб борилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 августга қадар таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинади.

Мактаблардаги таълим ҳам, муҳит ҳам кўп жиҳатдан ушбу жамоага бошчилик қилиб келаётган директорларга боғлиқ. Шу боис, 2023 йил 1 январдан бошлаб мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади.

Ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади. Якунда эса, мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади.

Албатта, бу бошқарувда янгича руҳ ва муҳит пайдо бўлишига, таълим соҳасида сарфланаётган ҳар бир сўм ўз жойига етиб бориб сарфланишига хизмат қилади. Шунингдек, ушуб белгиланган вазифаларнинг мактаб таълими соҳасига тўлақонли ўз вақтида жорий этилиши, юртдошларимизнинг энг катта бойлиги бўлган фарзандлари камолини ўзлари кутганданда аъло даражада кўришига замин яратади.

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+