Замонавий тиббиёт тизими халқимиз ишончи ва розилигига асосида ривожланади

11.05.2022 19:05:11

Тиб илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али ибн Сино бобомиз айтганларидек, одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш ҳақида сўз юритганда инсоннинг асосий бойлиги ҳисобланмиш саломатликни асраш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.

Инсон капиталини ривожлантириш асосий мақсад қилиб олинган мамлакатимизда кейинги олти йилда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганини таъкидлаш лозим.

Мамлакатимизда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, самарали фаолият юритмоқда. Энг муҳими, тиббиёт муассасалари халққа янада яқинлашмоқда.

Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида тиббиёт ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда билдирилган фикр-мулоҳазалар, кўтарилган масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси узоқ куттирмаяпти.

Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилингани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Эътиборлиси, Президентимиз томонидан яхши бир амалиёт йўлга қўйилди, яъни йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими бўйича кенг жамоатчилик ва соҳа вакиллари, шифокорлар, ҳамшираларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари изчиллик билан ўрганилаяпти, улар билан очиқ мулоқотлар ўтказилаяпти.

Юқоридаги қарор ҳам ана шундай мулоқотларда билдирилган таклиф-тавсиялар асосида қабул қилингани билан аҳамиятлидир. Хусусан, 1 майдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этиладиган бўлди.

Мамлакатимиз аҳолисининг деярли ярми қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилиши ушбу ҳудудларда фаолият юритадиган тиббий ходимларнинг улуши ҳам мутаносиб равишда бўлишини тақозо этади. Аммо амалиётда кўриб гувоҳи бўлганмиз, аввало олис ва чекка ҳудудларга бориб ишлашни истайдиган соҳа вакиллари кўп ҳам учрамайди. Бир вақтлар фарзандини тиббий олийгоҳларда ўқитишни жоиз деб билмаган ота-оналарнинг улуши кўп бўлганлиги ҳамда қишлоқ ҳудудларидаги тиббий муассасаларда етарлича инфратузилма ва шароитлар яратилмаганлиги қишлоқларда малакали тиббий хизмат кўрсатилиши сифатига салбий таъсир кўрсатган. Оқибатда чекка ҳудудлардаги аҳоли сифатли тиббий хизматга эга бўлиш мақсадида пойтахт ёки бошқа шаҳарлардаги мутахассислардан нажот излашга мажбур бўлган.

Кейинги йилларда шу ва шу каби муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида “Қишлоқ шифокори” дастури ишлаб чиқилган эди. Юқорида номи келтирилган қарорда 2022 йил 1 июлдан бошлаб мазкур дастурни янада такомиллаштириш вазифаси илгари сурилди. Янгиланган “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритадиган шифокорларга бир қатор енгиллик ва имтиёзлар белгиланмоқда. Хусусан, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

Ҳар биримиз иссиқ жонмиз. Ким қачон қайси вазиятда бирламчи тиббий хизматга эҳтиёж туғилишини олдиндан башорат қила олмайди. Шу билан бирга, ҳудудларимиздаги бирламчи тиббий муассасаларда кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини аниқлашнинг ҳам аниқ механизми мавжуд эмас эди. Бу эса аҳолининг тиббий хизматдан розилиги ёки норозилиги даражасини ёки шифокорларимизнинг касбий малакасини холисона баҳолаш имконини бермас эди.

Мазкур масалани тизимли ҳал этиш мақсадида 2022 йил 1 августдан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинадиган бўлди. Бунда ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади.

Муҳими, ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

Куни кеча Президентимиз раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тиббиёт тизимидаги ислоҳотларимизни яққол намоён этадиган тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимида учраётган камчиликлар очиқ-ойдин муҳокама қилингани, бу муаммоларга ечим бўладиган топшириқлар берилгани ҳар бир ҳамюртларимиз қатори узоқ йиллар шу машаққатли соҳада меҳнат қилган ва ҳозирда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришга интилаётган биз, депутатларни беҳад қувонтирди.

Йиғилишда тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш борасида эришилган ютуқлар билан биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди. Жумладан, сўнгги беш йилда 2 224 та янги тез ёрдам машиналари олиб берилди ёки транспорт паркининг 80 фоизи янгиланган, замонавий реанимация машиналари сони 24 тадан 435 тага кўпайтирилган. Қолаверса, битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағлар миқдори 16 бараварга, дори-дармон турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам ягона тизимга бирлаштирилиб, рақамлаштирилгани, лекин ҳудудларда бу ишлар бошланмагани танқид остига олинди. Хусусан, тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланаётгани, шу билан бирга, туман даражасида шошилинч тиббий ёрдам тизими самарали йўлга қўйилмагани қайд этилди.

Шунингдек, соҳа олдида турган бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди. Бинобарин, жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида “103” Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилади. Туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона Колл-марказ ташкил этилади. Колл-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради. Яъни, тез ёрдам бригадаси етиб боргунига қадар уларга беморнинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туриш, оила аъзоларига оғир аҳволдаги беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича телефон орқали маслаҳат бериш билан шуғулланади.

Тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади. Тез ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун 85 миллиард сўм ва Жаҳон банкидан жалб қилинган 5 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, вилоят колл-марказлари тизимига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланади. 2022–2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Хусусан, 2022 йилда 890 та, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади. Барча тез ёрдам транспортлари навигация тизимига уланади.

Кўриб гувоҳи бўлаётганимиздек, аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, инсон ва унинг қонуний манфаатлари ҳамда конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб қўйилган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари жамиятимизда олий қадрият ҳисобланади.

Бош Қомусимизнинг 40-моддасида “Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Аммо Президентимиз таъбири билан айтганда, “Халқимиз соғлиғини сақлаш соҳасида улкан мақсад ва вазифаларни олдимизга қўяётган ҳозирги шароитда, ушбу конституциявий модданинг ўзи етарли эмас. Бугун замон биздан тиббиёт тизимимизнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашни талаб этмоқда”.

Шундай экан, биз, қонун ижодкорлари Асосий қонунимизда миллий соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан яхшилашга, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлашга хизмат қиладиган тўғридан-тўғри амал қиладиган конституциявий қоидаларни акс эттириш борасидаги фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+