80 та туманда доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштирилган плантациялар ташкил этилади

15.04.2022 10:04:06

Сўнгги йилларда тиббий асбоб-ускуналарни ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш ва аҳоли талаб-эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳсулотлар турини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, 647 турдаги дори ва тиббий буюмларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Аммо мамлакатимиз иқлим шароити ва бой ўсимлик дунёси ҳисобга олинса, аҳоли талаби даражасидаги тиббиёт буюмлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришда барча куч ва имкониятлардан фойдаланмаётганимизни кўришимиз мумкин. Бугун мамлакатимизда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан катта қисми – қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда. 

Ушбу жараён ҳудудлар кесимида олинганда яна ҳам ачинарли ҳолатда эканлигини кузатиш мумкин. Жумладан, бугунги кунда Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда атиги 1 тадан энг оддий дориларни ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд бўлса-да, мазкур вилоятлар келгуси 2 йилда бор-йўғи 2 тадан янги лойиҳани амалга оширишни режа қилган. 

Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги видеоселектор йиғилишида ҳам юқоридаги каби бир қатор камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, мутасаддиларга қисқа муддатларда муаммоларни бартараф этиш орқали аҳолига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариладиган фармацевтик маҳсулотлар сонини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. 

Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган фармацевтика саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баравар кўпайтириш ва маҳаллий бозорни таъминлаш даражасини 80 фоизга етказиш борасидаги вазифаларни ўз вақтида амалга оширишга қаратилган бир қатор лойиҳаларни шу йилнинг ўзида амалга оширилиши таъкидланди. 

Хусусан, жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳа режалаштирилган бўлиб, мутасаддиларга ушбу лойиҳаларни амалга оширишда тадбиркорларга кўмаклашиб, йирик хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, уларнинг брендларни жалб қилиш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, Инвестициялар лойиҳа маркази томонидан ишлаб чиқилган қўшимча 18 та истиқболли лойиҳани Ҳиндистон, Германия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди. 

Янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда айланма маблағлар учун 200 миллион доллар кредит ресурслари жалб қилиниши белгиланди. 
Шу билан бирга, 80 та туманда доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштирилган плантациялар ташкил этилади. Бу тажрибани кенгайтиришда кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади. Доривор ўсимликларни қайта ишлайдиган корхоналар 2025 йил 1 январга қадар ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хомашё импортида божхона божидан озод қилинади.

Уларга тайёр маҳсулотлар экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади, ҳар 10 гектар плантацияларга сув чиқариш учун 600 минг сўмдан субсидия ажратилади, доривор ўсимликлар плантацияларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Хулоса, қилиб айтганда, соҳада бошланган ислоҳотлар ҳамда уни такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар мамлакатмизда маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш орқали нафақат аҳоли эҳтиёжини қоплаш, шу билан бирга экспорт салоҳиятини ошириш имконини ҳам яратиб беради.

Мавлуда Адҳамжонова, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+