Халқимизнинг эртанги кунга бўлган юксак ишончи баланд

29.03.2021 14:03:06

“Бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда, бизнинг ютуғимиз – эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда”.

2020 йил бошқа бирор йилга ўхшамади. Коронавирус 67 миллиондан ортиқ одамни зарарлади, 80 фоиз иш ўрнига таъсир қилди, миллардлаб одамни карантинга ўтиришга мажбурлади. Қанчадан қанча тўй-томошалар, байрамлар ўтказиб юборилди...

Ўтган йили пандемия туфайли Наврўз байрамини ҳар доимгидек катта тантана қилиб, кенг нишонлай олмаган эдик. Ўшанда, бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади, ҳали кўп тўй-томоша ва сайилларни халқимиз билан биргаликда ўтказамиз, деб эзгу ният қилган эдик. Бугун ана шу орзу ва интилишларимиз рўёбга чиқди. Гўзал ва жонажон юртимизда яна шодиёналар, қувончли кунлар бошланди. Албатта, бу Президентимиз раҳнамолигида ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, амалга оширилган ислоҳотлар натижасидир.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида 21 март куни Наврўз байрами шодиёнасида Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклар экан, коронавирус балоси ҳали тўла бартараф бўлмаганини, шунча меҳнат зое кетмаслиги учун пандемияга қарши курашишни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслик, бепарволик ва беғамликка берилмаслик кераклигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда аҳоли соғлиғини асраш йўлида қандай саъй-ҳаракатлар қилингани барчамизга маълум. Хориждан энг малакали шифокорлар олиб келинди, қисқа вақтда замонавий шифохоналар қурилди, ўз навбатида, карантин талабларига қатъий амал қилинди. Ушбу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ўз самараларини бермоқда. Аммо хушёрликни пасайтириб, хотиржамликка берилмаслигимиз, ҳукуматимизнинг шунча меҳнатини зое кеткизмаслигимиз шарт.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб Наврўз шодиёналари кезиб юрибди. Ҳудудларда байрам катта тантаналар билан нишонланмоқда. Бу йилги Наврўз байрами мустақиллигимизнинг 30 йиллигида ўтаётгани, халқимиз бу айёмни зўр кайфият билан кутиб олаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Хусусан, пандемияга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлини дадил давом эттирмоқда. Айтиш мумкинки, пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини минималлаштириш ва аҳолининг турмушини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳукуматнинг дадил чоралари иқтисодий фаолиятни барқарорлаштиришга ёрдам берди. Бунга бир мисол. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот ўтган йил январь-декабрь ойларида 1,6 фоизга ўсиб, 580,2 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил дастлабки 3-чорак якунлари бўйича иқтисодиёт мўътадил даражада ўсишда давом этмоқда.

Қолаверса, барча соҳа ва ҳудудлардаги саъй-ҳаракатлар ўз натижаларини бермоқда. Замонавий корхоналар, янги уй-жойлар, илм ва маданият масканлари қурилиб, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб бораётир.

Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламлари, аввало, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.

Дарҳақиқат, буларнинг барчаси Наврўзнинг моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ободлик қадриятларига мосдир.

Хулоса ўрнида айтганда, Давлатимиз раҳбари “Бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда, бизнинг ютуғимиз – эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда”, дея таъкидлагани барчамизга куч берди десам муболаға бўлмайди.

Собир ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+