Кўппартиявийлик ва унинг ривожланиш босқичлари: кеча ва бугун

15.07.2021 15:07:46

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасидан).

Бу йил Истиқлолга эришганимизга ўттиз йил тўлмоқда. Жамият фаровонлигини бош мақсад қилиб олган, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида қурилган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Мустақилликнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Ана шундай улкан ҳуқуқий асослар негизида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳалари сингари давлат ҳокимияти бошқаруви соҳаси ҳам изчиллик билан босқичма-босқич ривожланиш йўлига ўтди. Мамлакатимиз ўттиз йил давомида дуч келган барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтиб, Янги Ўзбекистон пойдеворига тамал тоши қўйди.

Бугун мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати юксалиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёйиб бораётгани, бу ишлар замирида инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари қарор топгани барчамизни қувонтиради.

Айни вақтда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган хунрезликлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар, терроризм, радикализм, наркотрафикнинг тобора авжига чиқаётгани мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик ўз ўзидан бўлмаётганлигини кўрсатиб турибди. Бундан хулоса шундан иборатки, барча саъй-ҳаракатлар халқ тинчлиги ва хотиржамлиги йўлида сафарбар қилинаётганлигидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда, мамлакат умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ ва демократик талаблар даражасида ривожланмоқда. Ҳар бир инсоннинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлари рўёб топмоқда. Бошқарувда очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги таъминланмоқда.

Шу ўринда, мамлакат тараққиётида сиёсий партияларнинг ўрни қай даражада, деган савол туғилади. Дарвоқе, Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ собиқ тузумнинг партиявий яккаҳокимлигига, ўша зўравон компартия тизимига барҳам берилиб, демократик қадриятларга асосланган кўппартиявийлик тизими вужудга келганлиги ва партиялараро соғлом рақобатга кенг ва тенг шароитлар яратиб берилганлиги ҳам фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурати фуқароларнинг сиёсий фаоллигини сезиларли даражада оширишга, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кучайтиришга йўналтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа қонунларида давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг, шу жумладан, сиёсий партияларнинг иштироки мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”лиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига) тузатишлар киритиш тўғрисида”ги қонуни эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришда кўппартиявийликнинг муҳим шартларини белгилаб берганлиги билан ҳам янада аҳамиятлидир.

Ушбу қонунлар ўз мақсадига кўра, давлат бошқарувини мазмунан янгилаш, бунда мавжуд демократик тамойилларни кенгроқ жорий этиш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга омил бўлмоқда. Пировардида, сиёсий партиялар ролини оширишга, янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли (курси) ва дастури ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламент кўпчилиги томонидан камситилишига йўл қўйилмаслигига, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, бир сўз билан айтганда, парламентда сиёсий партияларнинг фаоллигини оширишга, сиёсий тизимдаги барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Конституциявий қонунда мухолифатдаги партияларга қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасида тўлиқ қатнашиш ва муқобил қонун лойиҳаларини тақдим этиш ҳуқуқларининг берилганлиги ҳам жуда муҳимдир.

Қонунчиликка бундай нормаларнинг киритилишидан кўзланган мақсад, аввало, парламентда сиёсий партиялар ва шу партиялар фракцияларининг парламент ишига яқиндан киришиши, масъулиятини ошириши, ташаббускорлигини кучайтириши, улар орқали сайловчиларнинг ҳукумат фаолияти устидан назоратини кенгайтириши, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ўсиши учун хизмат қилишига қаратилган.

Кўппартиявийликка асос солувчи мамлакат қонунлари ўзбек давлатчилигининг тарихий анъаналарига, замонавий давлатчилик ва парламентаризм борасида тўпланган тажрибаларга, ривожланган давлатлар амалиётига тўлиқ мос келиши баробарида, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми, мамлакатнинг давлат-ҳуқуқий ва сиёсий тизимини босқичма-босқич тадрижий ривожлантиришнинг натижаси сифатида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари ташланган муҳим қадам бўлди.

Кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши натижасида жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш, сиёсий партияларга уюшиш каби конституциявий ҳуқуқлари эмин-эркин таъминланмоқда.

Мамлакатимиз қонунчилигига давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган янги-янги нормаларнинг мамлакат тараққиётига мос киритиб борилиши кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлимиз демократик тамойилларга мувофиқлигидан далолат беради.

Айниқса, Конституциямизга навбатма-навбат киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар барқарор ривожланиб бораётган мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ўрнини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг ривожланган мамлакатлар амалиётига мос келадиган халқаро тамойиллар Бош қомусимизда ўз ифодасини топгани сиёсий партиялар учун ҳам муҳимдир. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги, Бош вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этиши ҳақидаги, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши ҳақидаги конституциявий меъёрлар сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлади.

Конституциямизга киритилган бу каби ўзгартиш ва қўшимчалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани сиёсий партияларнинг янада фаоллашувига туртки бўлмоқда. Жумладан, Бош вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этиши ҳақидаги конституциявий нормалар ҳам киритилганлиги ва бу мунтазамлик тусини олгани сиёсий партияларнинг ўз электорати манфаатларини бунданда кенгроқ ифодалаш учун яна муҳим имконият саналади.

Сиёсий партиялар фракцияларининг Қонунчилик палатасидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган яна бир қанча қўшимча ваколатлар бор. Масалан, Қонунчилик палатасининг Кенгаши қонун лойиҳасини бир вақтнинг ўзида масъул қўмитага ва партия фракцияларига (депутатлар гуруҳларига) топшириши шарт, масъул қўмита фракцияларнинг фикрлари ва таклифларисиз қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки қилмаслик масаласида ўз хулосасини чиқаришга ҳақли эмаслиги шулар жумласидандир.

Худди шундай, Давлат бюджети лойиҳасининг Қонунчилик палатасидаги муҳокамаси ҳам дастлабки тарздаёқ фракциялар иштирокида амалга оширилади. Бу нормалар ҳам сиёсий партиялар фракциялари фаолиятига татбиқ этилиб, ҳар бир қонун лойиҳаси ҳали умумий тарзда кўриб чиқилишидан аввал, яъни Қонунчилик палатаси муҳокамасига қабул қилиш масаласи дастлабки тарзда фракцияларнинг муҳокамасига киритилади. Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги иштироки шу тариқа ўзининг ижобий самарасини бермоқда, фракция аъзоларининг масъулиятини ҳам янада оширмоқда.

Хуллас, юртимизда кўппартиявийлик ва сиёсий хилма-хилликнинг амал қилиши учун зарур қонунчилик асосларини яратиш билан бир вақтда сиёсий ислоҳотлар ва жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири – янги сиёсий маданиятни шакллантириш, аҳоли кенг қатламлари ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида, мамлакатда ҳақиқий кўппартиявийликнинг қарор топишига хизмат қилувчи қудратли механизм ишламоқда.

Сайловга оид қонунчиликнинг такомиллаштирилиши ва Сайлов кодексининг қабул қилиниши, сайлов жараёнларида сиёсий партияларнинг иштирокига оид нормаларнинг янада демократлашуви, Президентликка, депутатликка номзодларнинг фақатгина сиёсий партиялар орқали кўрсатилиши каби илғор амалиёт демократик жараёнларнинг муҳим қисми бўлиб, эркинлик, адолатлилик, ошкоралик каби умумэътироф этилган тамойилларга мос бўлмоқда.

Бу йил сиёсий партияларнинг кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи ўрин олган. Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари жамиятда кўппартиявийликнинг нақадар муҳимлигини яна бир карра исботлаб бериши аниқ. Ўзбекистон фуқаролари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар орасидан муносиб номзодга овоз бериб, жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш каби конституциявий ҳуқуқларини юксак сиёсий маданият билан амалга оширишига барча шарт-шароит яратилган.

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

сиёсий кенгаши раиси ўринбосари

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+