Очиқлик ва ошкоралик жамият тараққиётини белгиловчи муҳим омил

01.12.2021 16:12:43

Жамиятда кечаётган демократик ўзгаришларнинг изчиллигини таъминлаш ва янада чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратишда ҳамда халқчил давлат бошқарувини жорий этишда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, уларни одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини очиқ-ойдин ифода этадиган холис ва тезкор минбарга айлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан, Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларда бўлгани каби, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришнинг институционал-ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини етарли даражада йўлга қўйиш, ахборот соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, мамлакат медиа-бозорини жадал ривожлантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда китоб ва бошқа босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимли йўлга қўйилди.

Натижада, оммавий ахборот воситалари эркинлашуви, тезкорлиги ва холислиги ортиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлар самарадорлигини таъминлашда ҳамда маҳаллий ва хорижий жамоатчиликка етказишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Бу борада, аввало, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани кучайтириш мақсадида кейинги беш йилда 10 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилиниб, медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотларидаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар сони 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2 410 тага етганлигини кузатиш мумкин.

Шунингдек, оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланмоқда. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилдаги 12 фоиздан, 2020 йил якунига кўра, қарийб 90 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу ўзгаришлар аҳоли ва кенг жамоатчилик томонидан кўтарилган муаммолар ортиқча бюрократик тўсиқларсиз, ўз вақтида ҳал этилиши, айниқса, Давлат бюджети харажатлари билан боғлиқ вазиятлардаги ортиқча сарф-харажатлар ва коррупциянинг олди олинишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Эътиборли томони шундаки, ушбу ижобий ўзгаришлар аҳоли ва жамият эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳозирги вақтда электрон оммавий ахборот воситалари, жумладан, Интернет журналистикаси ҳаётимизга тобора чуқур кириб боряпти. Айни вақтда Республикамизда фаолият юритаётган 1893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи Интернет нашрлари — веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.

Бунинг асосий омилларидан бири эса мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётганидир. Натижада, кенг жамоатчилик ва аҳоли Ўзбекистон ҳаёти билан боғлиқ маълумот ҳамда янгиликларни хорижий нашрлар талқинида эмас, маҳаллий ОАВ орқали кузатиб бориш имкониятига эга бўлмоқда.

Соҳа ривожидаги яна бир ўзгариш — бу юксак малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг тажрибасини ошириш борасида қилинган ислоҳотлар. Жумладан, 2018 йилда Президент Қарори билан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Университет оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, республикада медиатаълим тизимини яратиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллари институтида ҳам журналистика йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, 2019 йилда соҳа ривожини мутлақо янги босқичга олиб чиққан “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан барча вазирлик ва идораларда фаолият кўрсатувчи ахборот хизмати ходимларининг ваколат доираси кенгайтирилиб, мустақиллиги тўлақонли таъминланди. Жумладан:

  • давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди;
  • ахборот хизматлари раҳбарлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланиши ҳамда ҳар уч йилда Агентликда аттестациядан ўтиши белгиланди;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ахборот хизматлари фаолияти кучайтирилди.

Қувонарлиси, ушбу очиқлик ва шаффофлик борасида бошланган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 2017 йилда Жаҳон матбуоти эркинлиги индексида 169-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йил якунига келиб, ушбу кўрсаткич 13 поғонага яхшиланиб, 156-ўринни эгаллади.

Хулоса қилиб айтганда, жамоатчилик билан тўғридан-тўғри алоқанинг йўлга қўйилиши, давлат бошқарувидаги шаффофликнинг таъминланиши ҳар икки томон — жамият ва Давлат ривожида энг муҳим мезонлардан бири саналади. Шу боисдан демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида давлат ва жамият томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш соҳасида бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши шубҳасиз.

Жумладан, 2022–2026 йилларда амалга ошириш мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам мамлакатда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ҳамда уни тарқатиш, ўз фикру қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Хусусан, амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Фаррух Абдуҳамидов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+