Қаддимизнинг тиклиги қадримизнинг баландлигидандир

01.03.2021 10:03:00

Инсоният яралибдики, унинг учун энг азиз неъмат, бу – қадр! Содда қилиб айтганда, қадри бор одамнинг қадди тик бўлади. Қадрнинг пойдевори – ҳуқуқ! Шу маънода янги Ўзбекистон давлатининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти илгари сурган “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини қўллаб-қувватлаб чиққанлиги тарихимиз зарварақларида янги бир саҳифани очиб берди.

Англадингизки, гап Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқи ҳақида бормоқда.

Шараф ва ифтихор билан айтиш жоизки, нутқнинг энг муҳим асоси Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлиги ғоясини амалда таъминлашга қаратилганлигида ифода топган. Айниқса, давлат ва шахс, жамият ва инсон муносабатларида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилининг олға сурилаётганлиги ва бу мамлакатимизнинг  2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида энг муҳим ўрин тутиши  давлатимиз раҳбари нутқида Янги Ўзбекистоннинг инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида бундан буён тутадиган позициясини дунё ҳамжамияти олдида яна бир карра исботлаб берди.

Нутқнинг ҳаётийлиги, амалийлиги шундаки, ҳақиқатдан ҳам мамлакатимизда охирги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилди ва бу ишлар янада кенг кўламда давом эттирилмоқда.

Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва тўртта факультатив протоколига қўшилганлиги ва бу  протоколларни амалга оширилганлиги юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келаётганлигини, айниқса,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши орқали бу борада Ўзбекистон ҳар қачонгидан қатъий ва тизимли чоралар кўришини эълон қилганлигини айтиб ўтиш кифоя.

Давлатимиз раҳбарининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қатор ташаббуслари ва амалий сайъи-ҳаракатлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва ҳар йили Олий Мажлисга йўллаётган Мурожаатномаси сингари муҳим ҳужжатлар мазмунида бош бўғин сифатида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини сифат жиҳатидан янгича ташкил этилишига ва Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини сўзсиз бажарилишини таъминлашни назарда тутади.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон давлати раҳбари дунё аренасида фақат ўзининг олий мақсадларини эълон қилгани йўқ! Аксинча, мамлакатимизда ижроси тўлиқ таъминланишга қаратилган амалий чоралар ҳақида бонг урди!

Яна бир мисол: “Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссияси” тузилди. Вазирлар ва бошқа алоқадор идоралар раҳбарлари Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ҳар чоракда ахборот беряпти. Улар бераётган ахборотларни эшитиш ва танқидий муҳокама қилиняпти. Ана энди рўйи-рост айтайлик, вазир ёки унга тенг бирор каттаконнинг сўзини авваллари ҳам бўлиб, унинг сўзи орасига савол қистира олармидик, асло! Депутатлар, журналистлар, блогерлар ана шундай каттаконларнинг яқинига йўллай олармиди, йўқ! Демак, булар Давлатимиз Раҳбарининг ушбу нутқида “Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз”, дея алоҳида таъкидлаб айтган сўзларининг аниқ исботидир.

Президентимиз ўз нутқида давлатимизнинг гендер сиёсати, хусусан, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёллар ролини ошириш, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш масалларида алоҳида тўхталди. Бу борада халқаро ташкилотлар билан амалга оширилиши кўзда тутилаётган аниқ режа ва ташаббусларини очиқлади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан ўтган йилда 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганини, жорий йилда эса, яна 20 мингдан зиёд ватандошимизга ана шундай имконият эшиклари очиб берилишини алоҳида таъкидладики, бу узоқ йиллар мобайнида айни шу хусусидаги муаммолар гирдобида қолган фуқаролар жуда катта ташвиш ботқоғидан халос бўлаётганлигини англатади.

Таъкидлаш жоизки, расмий Ўзбекистон ўзининг инсон ҳуқуқлари борасидаги имижини халқаро майдонда бу тарзда намоён этиши ва ўз ташаббусларини илгари суриши, энг аввало, давлат органлари ва кенг жамоатчилик, зиёлилар, сиёсий партиялар, уларнинг вакиллик органларидаги депутатлик корпус вакиллари, айниқса, ОАВнинг доимий иштирокчилари журналистлар ва блогерлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Зотан, дунё энди бизга илгаргидай эмас, балки янги бир назар билан боқа бошлади. Биз ҳам бутун бир халқ сифатида янгиланганлигимизни намоён этишимиз зурур. Чунки, Муҳтарам Президентимиз “Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди”, деб айтдилар. Энди бу гапларни амалда исботламасликка ҳаққимиз йўқ!  

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+