“Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

05.02.2021 16:02:33

Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.Мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди.

Аммо 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати туғилди.

Ушбу Қонун сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан бир қатор ўзгартишлар киритиляпти.  

Жумладан, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлари асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Бундан ташқари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда. Яъни:

сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда;

сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда;

сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда;

сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Киритилаётган ўзгартишлар билан сайловларни октябрь ойида ўтказиш таклиф қилинди.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиради, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришилади. Шунингдек, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратади. Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этишига эришилади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади ва ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттиради.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+