Томири бир дарахтнинг япроқларимиз

02.04.2021 14:04:50

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитидаги нутқи билан танишиб,  кўнглим кўтарилди.

Таъкидлаш зарурки, ҳар бир инсон учун юрт тинчлиги бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик-тотувликка интилиб келган.  Босқинчилик ҳаракатлари, миллий, диний ва бошқа низолар оқибатида урушлар олиб борилиши минг йиллар мобайнида жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келган.

Ана шундай пайтда азалдан аҳил-иноқ бўлиб келган туркий халқлар учун миллатлараро муносабатлар ғояси умумбашарий қадрият сифатида доимо улуғланган. Чунки бу муносабат турли хил халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, шу жойдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.   Бу ғоя – ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла руёбга чиқариш учун шароит яратади ва уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этади. Мана бир неча йилларки, мамлакатимизда ушбу ғояни амалга оширишга катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Биргина Тошкент вилоятини оладиган бўлсак, қўшни Қозоғистон ва Тожикистон Республикаси билан асрлар давомида аҳил-иноқликда яшаб келмоқда. Айниқса кейинги икки-уч йил ичида яқин қўшни давлатлар билан барча соҳалардаги алоқалар мустаҳкамланди. Пандемия шароитида ҳам мамлакатлар ўртасида меҳр-саховат ришталари узилмади.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешинчи муҳим тамойилларидан бири  “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланишида ҳам  улкан маъно бор. Мамлакатимизда бу йўналиш доирасида, давлатнинг мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга оид чора-тадбирларни билан бирга, дунёнинг барча давлатлари, айниқса, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан ўзаро тенг манфаатларга асосланган дўстона алоқалар ва мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш каби тинчликпарвар сиёсатга таянган чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Туркий Кенгаш саммити Мир Алишер Навоийга таъриф берганларидек,  “Туркистон мулкининг шайхул машойихи” ҳазрат Яссавий зиёратгоҳлари қад ростлаган қадимий ва навқирон Туркистон шаҳрида ўтказилганлигида ҳам улкан маъно бор. Чунки Туркий халқлар асрлар оша ўз азизу авлиёларини хоку турбатини эъзозлаб, муқаддас меросларини кўз қорачиғидек асраб келишган. Бир сўз билан айтганда, бу мерослар туркий халқларни янада якдиллигини ифодалайдиган ўзига хос улуғ ришталардир.

Президентмиз  ўз маърузасида, “динимиз тарихида беқиёс из қолдирган улуғ боболаримиз мероси билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш эзгу интилишларимизга мосдир. Бу борада мамлакатларимиз ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжойлар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга оширишни таклиф этамиз”, деган сўзларда ҳам барча туркий халқлар дилидаги ўй-мақсадларни ифодаланди дейишимиз мумкин.

Туркий халқларни бир заминда ўсган илдизи бир дарахтнинг япроқларига ўхшатса бўлади.   Бизнинг тилларимиз ўхшаш, кўнглимиз бир, тилакларимиз ва орзуларимиз ҳамнафасдир. Осмонимиз туташ, тупроғимиз туташ, қон-қардошлик бугунги кунда ҳам ям-яшил япроқлар каби ҳаётимизга янгидан-янги ранглар, ҳаволарни олиб кирмоқда.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

 Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+