Янги Ўзбекистонда таълим  барқарор ривожланади

01.02.2022 10:02:09

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги  Фармони ҳамда 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини имзолади. Мазкур Фармон лойиҳаси 2021 йилнинг 30 декабридан 2022 йилнинг15 январь кунига қадар 2022-2026.strategy.uz, regulation.gov.uz ва jamoatchilik.uz порталлари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. 2022 йилги Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, биринчи йўналишда – 45 та, иккинчи йўналишда – 24 та, учинчи  йўналишда – 128 та, тўртинчи йўналишда – 59 та, бешинчи йўналишда – 29 та, олтинчи йўналишда – 38 та, еттинчи йўналишда  эса 75 та бандни ўз ичига қамраб олган. Шуниси эътиборлики, тараққиёт стратегияси ва давлат дастурида илгари сурилган вазифалар партиямизнинг Сайловолди дастурига мос келади. Шунинг учун ҳам бу муҳим ҳужжатни ижросини таъминлаш учун барча чора тадбирларни кўрамиз.

     Бундан буён 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар асосида ҳар йили барча туман ва шаҳарнинг муаммо ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда ҳудудлар кесимида тараққиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Тараққиёт стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг устувор вазифаси ҳисобланади. Тараққиёт стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, давлат  дастурида таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Дастурда  таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида
2022 йил  1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этиш, ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 605 млрд сўм ажратиш, 141 мингта янги ўқув ўринлари яратиш ва уларнинг сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш, халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда янги ўқув ўринларини яратиш ва мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича чораларни кўриш вазифаси белгиланди.

Дарҳақиқат, таълим сифати ва самарадорлигига  бу каби қаратилаётган кенг эътибор мамлакатимизнинг  билимли  ва зукко ёшларини жаҳон талабларига жавоб бера оладиган этиб  тарбиялашга замин яратиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, таълим тизимини “оёққа қўймас” эканмиз, ислоҳотлар амалга ошмайди. Нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда.

       Зеро, таълимга ажратилган сармоя, бу келажакка ажратилган сармоядир. Тараққиётни  таълимсиз тасаввур этиш қийин. Шундай экан бугунги кун ўқитувчисидан малакали  билим, тинимсиз меҳнат ва ўз касбига фидоийлик талаб қилинади.

     Энди бундан буён ҳар томонлама ривожланиб келаётган, ниҳоятда кучли, такрорланмас қобилият ва иқтидор эгалари бўлган  юрт фарзандларига таълим бериш, тарбиялаш ва камол топтиришдек  шарафли касб эгаси бўлган ўқитувчиларимизнинг ҳар томонлама масъулиятини ошириш керак. Аниқ мақсадли инсон энг оғир йўлни ҳам босиб ўта олади. Мақсади йўқ инсон эса, ҳатто силлиқ  йўлда  ҳам  жойидан силжимайди. Бизнинг эса мақсадимиз ҳам йўлимиз ҳам аниқ. Мана шу йўлдан олға юриб юртимиз равнақи, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.

 

Дилрабо Чориева,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+