Ёшлар қалбига йўл

24.02.2021 12:02:20

Мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам ортган. Айниқса уларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш ва иш билан бандлиги таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Бу борада йўлга қўйилган талай дастурлар айни кунда самарасини бермоқда. Ана шулардан бири бу – “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси ҳисобланади.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб минглаб ёшларга ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Шу вақтга қадар ерли бўлган ёшлар далаларда жавлон уриб, меҳнат қилишмоқда. Албатта “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасига асосан жойларда ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экин экиш учун ёшларга берилди. Ғалла ўрим-йиғим ишлари тугатилган майдонлар уларга тақсимлаб берилди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ва ишсиз йигит-қизларига захирадаги ер майдонлари тақсимланди.

– Менга ер ажратилганидан мамнунман, – дейди “Эски қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Раҳматжон Мансуров. – Шундай қувончли лаҳзаларда кўнглимдан давлатнинг эртаси ёшларга қаратилаётган эътиборининг нақадар муҳим эканлиги ўтди. Очиғи, бу йилги мураккаб ва синовли йилда ҳам ишсиз юрган тенгдошларим тақдирини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида ҳар бир ёшнинг тақдири турибди. Шунингдек, уларни иш билан таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган чуқур ўйланган статегия мавжудлиги яққол сезилиб турибди. Ҳукуматимиз, халқимиз омон бўлсин,  осмонимиз  ҳамиша мусаффо бўлсин.

– Айни шу лойиҳа хорижга иш излаб кетиш тараддудига тушган ёшларимизга анча қўл келди, – дейди  “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нуржон Пуштаев. – Бу лойиҳа эълон қилингандан буён кўплаб тенгдошларимиз ўз ишига эга бўлганини гувоҳи бўлдим. Ўзим ҳам ерли бўлдим. Айни пайтда ердан унумли фойдаланиш бўйича қўлланмаларни синчиклаб ўрганяпман. Менга ишонч билдириб ер майдони ажратилгани учун мутассадиларга катта раҳмат айтмоқчиман. Бу йил менга ажратилган ерга полиз экинларини экаман.  Худо хоҳласа, юқори даромадни кўзлаб турибман. Энг муҳими, ота-онам, оиламга даромад олиб келаётганимни ўйласам ғайратим ошиб кетяпти. Яна бир бор биз ёшларни ўйлаб шундай имкониятлар ва эътибор учун мутассадиларга самимий миннатдорчилигимни билдираман.

– Анча вақтдан буён иш излаб ўзимга муносибини топа олмаётгандим,  – дейди “Боғишамол” маҳалласида истиқомат қилувчи Асқар Исмоилов. – Мутахассислигим бўйича яшаб турган ҳудудимда менга ёқадиган иш йўқлиги кайфиятимни тушириб юборганди.  Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси кўз олдимда рўй бераётгани, ерли, ишли бўлганимдан хурсанд бўлдим. Менга ажратилган ер майдонига турли экинлардан экишни режалаштириб қўйдим. Юқори ҳосилдорлик олиш бўйича мутахассислардан керакли тавсияларни олдим. Менга ажратилган дала майдонини кўрсангиз, кўзингизни қувонтиради. Бизларни қўллаб-қувватлаётган давлатимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлаймиз деб умид қиламан.

Ёшларимизнинг лойиҳа ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ёзиб олар эканмиз,  ўз ерида тер тўкиб меҳнат қилаётган бу ёшлар халқимизнинг ишончини оқлаш истаги баланд эканлигини тушундик. Уларнинг халқимиз дастурхонига ўз экин майдонларидан мўл ҳосилни тортиқ қила олишига бўлган ишончи ҳаётимизни янада фаровон қилиш баробарида ёшларнинг қалбида меҳнатсеварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

 

 

Ўлмасжон ЗАРИПОВ,

Ўзбекистон СДП

Тошкент вилояти  Кенгаши 

мутахассиси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+