200 га яқин ўқувчи тиббий-кўрикдан ўтказилди

07.04.2021 09:04:50

Давлатимиз раҳбарининг яқинда ахоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган чора-тадбирлардан келиб чиқиб Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги  103-имконияти чекланганлар мактаб-интернатида “Бор меҳримиз сенга, болажон” деб номланган тиббий-кўрик ташкиллаштирди.

Ушбу тиббий-кўрик ёш авлод саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса, пандемия шароитида юзага келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш, болаларнинг тўғри овқатланиши, уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Мактаб директори ўринбосари Саодат Тўлаганованинг маълум қилишича, 160 ўринга мўлжалланган ўқув масканида бугунги кунда 200 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб етарли мутахассис кадрлар билан таъминланган. Мактабда малакали ўқитувчилар дарс бериб келмоқда.

Тиббий-кўрик аввалида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Бахром Абдуҳалимов бошчилигидаги Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, туман депутатлари, Тошкент шаҳар партия ташкилоти фаоллари мактаб ичидаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ётоқ хоналари, ўқув аудиториялари, ошхона, дам олиш ҳамда қўшимча машғулотлар билан шуғулланиш учун етарли барча шароит ва имкониятлар яратилганлиги кўздан кечирилди.

Ўрганишлар давомида Тошкент Педиатрия тиббиёт институтидан жалб этилган 11 нафар малакали шифокорлар (лор, офтолмолог, терапевт, жарроҳ, окулист, стаматолог, невролог каби) дан иборат ишчи гуруҳ кун давомида мактаб ўқувчиларининг деярли барчасини бепул тиббий-кўрик текширувидан ўтказди. Аниқланган касалликлар бўйича даволаш чоралари кўрилиши белгиланганлиги айтиб ўтилди.

Таъкидлаш керакки, имконияти чекланганлар мактаб-интернатида болажонлар учун ташкил этилган мазкур тиббий-кўрик халқ хизмати йўлидаги хайрли ишларнинг қамрови кенг акс этаётганидан даракдир.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Миробод туманида ташкил этилган намунали БПТ фаолиятини ҳам ўрганди.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+