90 ёшли онахоннинг келини “Адолатли қайнона” бўлди

26.08.2021 13:08:38

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда  анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Самарқанд вилоят босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловдан кўзланган мақсад - оиласида намунали маънавий муҳитни шакллантира олган, адолат тарозисини тенг тута олган қайноналарнинг бой ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшларга тушунтириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлашда ибрат бўла олган намунали қайноналарни ҳаёт тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва рағбатлантиришдан иборат.

 “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичларини ташкил этиш жараёнида гувоҳ бўлдикки, фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган, сиёсий маданияти шаклланган, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни рағбатлантириб келаётган мазкур танлов кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу йилги танловнинг бошқаларидан фарқи шундаки, пандемия даврига тўғри келган бўлсада барча иштирокчилар қизғин тайёргарликлар билан келишган. Қайси бир иштирокчи узоқ тумандан келаётган бўлишига қарамай иштирокчилар бешикдан тортиб, қўлда тайёрланган кўза дейсизми, чолғу асбобларими барчасини тайёрлаб келишгани залда йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Танловнинг вилоят босқичида, туман ва шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ибратли оиланинг “Адолатли қайноналари” ўзаро куч синашди. Муҳими шундаки, “Адолатли қайнона” танловида муайян ҳудудда истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллар иштирок этишгани айни муддао бўлди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, жамият ҳаётидаги янгиланишлардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, оила, жамият, маҳалла муносабатлари билан боғлиқ миллий анъаналар бойлиги, оилада баркамол авлодни тарбиялашда ибратли ҳаётий тажрибага эга эканлигига алоҳида эътибор қаратишди.

Қайноналар танлов низомида белгиланган 3 та шарт асосида ўзларининг билим ва маҳоратини намоён этишди. Биринчи шарт иштирокчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (тавсифномалар, фотоальбом)ни ўрганиш бўлса, иккинчи шарт – таништирув, иштирокчи ўзи, оиласи ва маҳалласи ҳақида маълумотлар берди.

Учинчи шарт - саҳна кўриниши бўлиб, бунда иштирокчилар ўзи яшаётган ҳудуд анънаналари, урф-одатлари, ўзига хос хусусиятлари ва оила, оилавий қадриятлар, фарзандлар тарбиясида адолат, оила ва никоҳнинг муқаддаслигининг акс эттирилиши, оилавий тарбияда ривоят, мақол ва маталлардан фойдаланиши, оила тўғрисидаги миллий қонунчиликдан, жумладан, “Оила кодекси”дан, фуқаролар йиғини ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурларидан хабардорлигини саҳна кўринишлари орқали намоён этишди.

Танлов шартлари асосида иштирокчилар орасидан ғолиб деб бир нафарини кўрсатиш осон кечмади. Ҳар бир иштирокчи танлов низомида келтирилган шартларни тўлиқ бажариб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Самарқанд шаҳридан иштирок этган Гулбаҳор Ҳусаинова нафақат адолатли қайнона эканлиги, оқила келин бўлиб 90 ёшдан ошган қайноналарининг хизматини сидқидилдан бажариб келаётгани, ҳаттоки танловга тақдим этган альбомларида ҳам энг аввал қайнонам-устозим деб қайнонаси ҳақида маълумот келтиргани ҳакамлар ҳайъатига ҳам хуш келди. Гулбаҳор Ҳусаинова “Адолатли қайнона” танловининг вилоят босқичида ғолиб деб эътироф этилиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Эътиборли жиҳати танловнинг қолган иштирокчилари ҳам “Энг оқила қайнона”, “Энг меҳрибон қайнона”, “Энг ибратли қайнона”, “Энг ташаббускор қайнона”, “Энг тарғиботчи қайнона”, “Энг фаол қайнона” деб белгиланиб, вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Муҳиба Бобобекова, партиянинг вилоят Кенгаши раиси:

 – Тан олиб айтиш керакки, қайноналик бу масъулият демак. Бир боғдан нозик ниҳолни олиб келиб янги боғга ўрнатиш дегани. У ниҳол ўзини тутиб олгунича, илдизлари баққуват бўлиб томир ёйгунича унга жуда катта парвариш керак бўлади. Янги келин ҳам хонадонингизга қадам босган кунидан унга далда, кўмак, меҳрни аямасак, кўникиши осон кечади, ўғлимиз билан келинимиз орасида кўприк бўлиш биз қайноналарнинг вазифамиз. Бугун тадбирда гувоҳи бўлдикки, 16 нафар иштирокчимиз ҳам нафақат ўз оиласида адолатли қайнона, балки маҳалла, тумандаги ёш, нотинч оилаларга ҳам кўмакчи эканлар. Бежизга туман миқёсида “Адолатли қайнона” деб эътироф этилмаган экан.

Самарқанд вилояти бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Нозбуви Темирова  танлов иштирокчиларининг саҳнада ўз иқтидорларини намойиш этишлари ўзига хос  қаҳрамонлик эканлиги, жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган  ана  шундай  онахонларнинг борлиги жамиятимиз  равнақида  муҳим рол  ўйнашини  таъкидлар экан,   бундай  тадбирларни  янада  қанот  ёйдириш кераклигини, бу  ўз  навбатида  оилаларнинг  мустаҳкамлигини  сақлашга, оилавий  ажримларнинг камайишига  олиб келишини уқтириб  ўтди.

Тадбир якунида барча қатнашчиларга партия вилоят Кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Асқар ХОЛИҚОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+