Абадий ибрат, боқий даъват тимсоли

11.04.2021 11:04:29

9 апрель Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан  шаҳарда жойлашган 37-умумий ўрта таълим мактабида   “Адолат” СДП  Ангрен шаҳар Кенгаши томонидан  “Соҳибқирон Амир Темур – адолат ва қудрат тимсоли” мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Унда депуталар, шаҳар маданият бўлими ходимлари, шаҳар  Ёшлар иттифоқи  вакиллари,  тарихчи олимлар,  ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар, фаоллар ҳамда  ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда улуғ Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти, сиёсати ва тузуклари бугунги ҳаётимизда ҳам ўзига хос  ибрат, қўлланма  вазифасини ўтаётганлиги хақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек,  буюк саркарда ўзининг беқиёс азму шижоати, жасорати билан ўз даврида халқимизни қарамлик исканжасидан халос этган, мустақил ва қудратли давлатга асос солган. Амир Темурни улуғлаш–тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир. 

 Шу билан бирга, тарихий илмий асарларда, солномаларда соҳибқироннинг бунёдкорлик, адолат, инсоф-у диёнатни ўзи учун шиор билиб, халқ дард-у ташвиши билан яшагани, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси бўлгани ҳақидаги маълумотларни  ўқиймиз.

Тадбир давомида  Амир Темурнинг жамият тарихида давлат бошқарувидаги сиёсати, иқтисоди,  у қолдирган маданий меъросларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида ўқувчиларга  ҳужжатли фильм намойиш этилди.

— Амир Темур тарихини қанчалик чуқур ўргансак, ҳамма вақт, ҳамма нарсадан адолат устунлигини тушуниб етамиз, — дейди Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Шокир Уришов. — Босқинчилик, хунрезликлар ҳаддан ташқари авж олган, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиб ётган ўша замон учун Амир Темурнинг “Куч – адолатда” шиори ва ўз салтанатида адолат вазири лавозимини таъсис этиши инсон қадр-қимматига бўлган эътиборнинг юқори поғонага кўтарилганидан даолатдир.  Унинг  Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим”, деган шиори нафақат ўша замон ҳамжамияти учун, балки бугунги кун ва келажак авлод учун ҳам ибратлидир.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+