#АбдуллоҳТопилди Ҳали адолат қарор топмади

09.11.2019 00:11:13

Электрон оммавий ахборот воситаларида Абдуллоҳ қаерда? мавзусида мақола чоп этилиб, жорий йилнинг 26 октябрь куни Андижон вилоят ИИББга чақирилган 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров ҳалигача – бугун 8 ноябргача уйига қайтиб келмагани, оила аъзолари уни қаерда эканлигини билмаслиги ҳақида ташвишли хабар тарқалганди.

Ушбу масалага Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз муносабатини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ушбу воқеани қаттиқ қоралашини маълум қилди ва “Қонунни оёқ ости қилманг!” деб ўз муносабатини билдирди.

Айни дақиқаларда эса телеграмда “Қўшни маҳалла” каналида Абдуллоҳнинг топилгани билдирилди.

“Ижтимоий тармоқларнинг сўнгги кунлардаги қаҳрамони Абдуллоҳ Тоҳиров ниҳоят топилди.

Айни соатларда уйи сари отланган Абдуллоҳ Қамчиқ довонидан ўтмоқда.” – дейилади канал хабарида. Албатта, Абдуллоҳнинг топилишига воқеага эътибор қаратган кенг жамоатчилик, блогерлар, веб-сайтларнинг ҳиссаси мавжудлигини эътироф этамиз.

Шунингдек, “Адолат” СДП Бош прокуратурадан Абдуллоҳ қаерда? мақоласи юзасидан ҳамда 14 кундан бери унинг қаерда эканлиги ҳақида хабар бермаган шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, муносабат билдиришини кутиб қолишини яна бир бор таъкидлайди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+