Аччиқ, аммо очиқ гаплар

07.04.2021 13:04:20

Бундай васваса яқиндагина бошимиздан ўтганди-ку! Нима, ундан хулоса чиқармаганмизми?

Йўқдан бор қилишга устаси фаранг кимсалар орасида “қора пиар” тушунчаси бор. Яъни, исталган ўтмас матоҳни қайта-қайта реклама қилаверасиз-қилаверасиз ва бир кун келиб қарайсизки, у одамлар назарида тақчил маҳсулотга айланган. Табиийки, бундай матоҳ энди қўлма-қўл бўлиб кетади. Ана фойдаю, мана фойда!

Бу жараёнда, очиғини айтганда, “ҳалоллик”, “виждон”, “имон”, “поклик” қадриятларига тупурилади, уларнинг барчасини манфаат, нафс, ифлос пуллар ювиб кетади.

Тошкентга кимсан, “машҳури жаҳон” Али Маҳмуд Ҳасан Курдистонийнинг шахсан ўзи ташриф буюриши хабари ҳам айнан шундай сценарий асосида кечди. Нима эмиш, бу Мулла Маҳмуд Ҳасан деганлари Қуръон оятларини шундай ўқиркану, сўқирларнинг кўзини очиб ташларкан, фалажларни юрғазиб юбораркан! Ана мўъжизаю, мана мўъжиза! Одам эмас, Исо пайғамбар!

Табиийки, “агрессив” раклама тўрига илинганлар кўп бўлди. Шу сабаб, бир пасда бу табиб-муллани тавоф қилишга ҳозиру нозир, ўз  мақсадига етиш йўлида қандайдир карантин қоидаларини назар-писанд қилмайдиган оломон унинг ҳузурига пўртана бўлиб оқди.

Азизлар, ахир XXI асрда яшаяпмиз. Ҳеч бўлмаса интернетни кириб,  “соҳиби нафас”, “кароматгўй” табибнинг кимлиги билан қизиқиб кўринг. Ҳа, бу ўша, 2017 йилда Дональд Трампни жин чалгани ва фақат ўзигина АҚШ президентини бу балодан қутқара олишини айтиб тилга тушган ва орқаворатдан “телба”, “жинни” лақабини олган ақли қосир кимса.

Маълумотлар излашда давом этинг. Сиз, албатта, Мулла Маҳмуднинг муқаддам Мадинада фирибгарлик учун жавобгарликка тортилганидан ҳам воқиф бўласиз.

Беихтиёр савол туғилади: хўш, карантин пайтида бу табиб либосидаги фирибгарни ким тарғиб-ташвиқ қилди, ким уни юртимизга олиб келди, одамларни даволашга ким рухсат берди? Шаҳар бедарвоза эмас-ку, ахир!

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги берган баёнотда “ушбу шахс Қуръон оятларини ўқиган ҳолда тиббиётда даволаш имкони бўлмаган (фалаж, кўзи ожиз) касалликларни даволаганлигига оид маълумотлар тарқатиб, тармоқ фойдаланувчиларининг эътиборини ўзига тортиб келаётгани” таъкидланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими эса бундай шахс Ўзбекистонда фаолият юритиш бўйича бирор шаклда мурожаат қилмаганини, яъни унинг тиббий фаолияти ноқонуний эканлигини билдирган. “Шу ўринда, аҳолининг ишонч ва эътиқодидан фойдаланиб, сохта табиблик фаолияти билан шуғулланаётган айрим кимсаларнинг алдовига учраб қолишдан огоҳ этмоқчимиз. Ноодатий йўллар билан даволашни таклиф қилаётган айрим сохта табиблар таъсирига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг”, дейди ССВ вакили Фурқат Санаев.

Эслаяпсизми, бундай ажабтовур ҳолатларни биз ўтган асрнинг долғали саксонинчи йилларида бошимиздан ўтказгандик. Ўшанда ҳамма жойни экстрасенслару, ҳамма касалликни дуо билан даволаб ташлайверадиган табиблар босиб кетганди. Вақт уларнинг аслида кимлигини кўрсатди-қўйди. Нима, биз ўша кунлардан тегишли хулоса чиқармаганмизми? Ё шунчалик лақма, гўл, ҳассасини бир марта эмас, тўрт-беш маротабалаб йўқотадиган гумроҳлармизми? Ё ҳалиям “хўрозқанд хорижники” деса ётиб ялайдиган омилармизми? Асло!

Электоратининг асосий қисмини айнан шифокорлар, тиббиёт ходимлари ташкил этадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП айниқса бундай лўттибозликларга қарши кескин кураш олиб бориши зарур. Зеро биз учун ҳар бир фуқаронинг соғлиғи муҳим. Давлатимиз учун эса халқнинг сиҳат-саломатлиги бебаҳо бойликдир. Шундай экан, биз, партиядошлар, ҳеч бир фуқарони фирибгар кимсалар чангалига ташлаб қўймаймиз. Бунга йўл қўймаймиз!

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

ЎзбекистонАдолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+