Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир

20.10.2022 10:10:27

Мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгариш ва ислоҳотлар, аввало фуқаролар манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу интилишларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадга хизмат қилмоқда. Бу инсон ҳуқуқлари устуворлиги, юртимизда ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий принципларини амалга оширишни кафолатлашга қаратилган.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари соҳасидаги кенг қамровли ўзгаришлар, энг аввало, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд тизимида одил судлов самарадорлигини ошириш, шу орқали халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини мустаҳкамлаш ва муносабатини ўзгартиришга қаратилган бўлиб, уларнинг амалиётга жорий этилиши бугунги кунда ўзининг аниқ самарасини бера бошлади. Бу борада маҳаллаларда олиб борилаётган ҳуқуқий мавзудаги тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам авваламбор халқни қабул қилинаётган қонунлардан хабардор қилишга қаратилаётир.

Бугун халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги «Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссия» си, Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши ва Қашқадарё вилоят суди ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги Маҳаллот МФЙ да «Менинг маҳаллам», «Менинг судьям» тамойиллари асосида фуқаролар билан учрашув ташкил этилди. Унда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари, Қашқадарё вилоят суди судьялари, маҳалла аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

-Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, барча жабҳада қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, инсон қадрини улуғлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб бориляпти,-деди тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.- Хусусан Президентимиз ҳам бу масалага алоҳида эътибор билан қараяптилар. Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастурида ҳам қонунчиликни янада такомиллаштириш, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

- Маҳалла – Ватан ичра Ватандир.Бугунги кескин ва шиддатли глобаллашув ҳамда ўзгаришлар даврида юртимизда ўзаро аҳиллик ва иноқлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни ривожлантириш, асраб-авайлашда маҳаллаларнинг ўрни ва нуфузи тобора ортиб бормоқда,-деди Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари Эргаш Умиров.-Айни пайтда ушбу тизимнинг нуфузи ва фаолияти самарасини янада кучайтириш, уни фуқаролар ўз фикри ва дардини ҳамда муаммоларини, таклиф-тавсияларини очиқ ошкора айтадиган, муаммосига ечим топадиган чинакам халқчил идорага айлантириш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Муҳтарам Президентимиз алоҳида эътироф этганларидек, маҳалла раиси фаол тарғиботчи, ислоҳотчи сифатида, аввало, замон билан ҳамнафас бўлиши, ўз билим ва иқтидорини доимий ошириб бориш ҳақида ўйлаши, «Обод маҳалла», «Обод кўча», «Обод хонадон» мезонларини ҳаётга татбиқ этиш, турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ёшлар ва фуқаролар ўртасида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни тадбиркорлик марказларига айлантириш чораларини кўриши даркор.

Дарвоқе, тадбирда биринчи навбатда, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Айниқса, одамлар ўзларини қийнаб келаётган турли масалалар бўйича саволларига мутасаддилардан жавоблар олдилар. Бу «ҳокимият масофаси» деб аталадиган масофани қисқартириш йўналишини англатади албатта. Бу ислоҳотларни умумхалқ томонидан қўллаб-қувватлаш, фуқароларни муҳокама жараёнлари, ғоялар ва таклифларни юзага келтириш, энг муҳими қарор қабул қилишга бевосита таъсир кўрсатиш жараёнларини муҳокама қилишга жалб қилиш имконини берди. Бу моҳияти бўйича, замонавий улкан ижодий имкониятни юзага чиқариш имконини берадиган янги тажриба бўлди.

-Дарҳақиқат адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир, - деди Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси Музаффар Раупов. –Барча жабҳада адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шуни унутмаслик керакки, Янги Ўзбекистон стратегиясидаги асосий мақсад ҳар бир фуқаронинг миллати, тили ва динидан қатъи назар унинг ҳуқуқий манфаатлари ва фаровонлиги таъминланадиган, келгусида эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда амалга ошириладиган халқ ва инсонпарвар давлатни яратиш ҳисобланади .

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, судьялар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, маҳалла аъзолари сўзга чиқиб, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот одамлар ўз фикрларини эркин айта оладиган ҳамда давлат органлари, депутатлар ва раҳбарлар билан бевосита мулоқот ўрната оладиган ОАВ ва ижтимоий тармоқлар кўринишидаги эркин ахборот майдонини яратиши, буларнинг барчаси замонавий демократиянинг ўзига хос хусусиятларидан бири эканлиги ҳақида фикр билдирдилар.

Ҳа, давлатимиз раҳбари айтганидек, агар маҳалла обод қилинса, бутун мамлакат обод бўлади. Агар маҳалла ўзгарса, бутун жамият ўзгаради.

Тадбирда маҳалла фуқаролари ажримлар, қонунлар ижроси, мазмун-моҳияти масаласидаги тушунмовчиликлар юзасидан қизғин саволлар билан иштирок этиб, судьялар томонидан керакли жавоб олдилар.

Умуман олганда, бундай учрашувлар одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий маданиятини оширишда аҳамияти катта.

Гулноза Раджабова,

«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+