“Адолат”чилар ҳиссаси

17.11.2021 14:11:20

Президентимиз ташаббуси билан бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси Наманган вилоятида ҳам кенг қулоч ёзмоқда. Бунда зарбдор қирқ кунлик эълон қилингани яхши самара бермоқда. Юртимизни боғ-роғларга айлантириш учун бошланган хайрли ишда корхона ва ташкилотлар, муассасалар, маҳаллалардан фаоллар ҳамда нуронийлар ва ёшлар иштирок этмоқдалар.

– Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, - дейди Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Исроилжон Жўраев. – Чунки вилоят бўйича мавсум давомида жами ўн беш  миллион тупдан зиёд кўчат ўтқазиш кўзда тутилган. Бизнинг туманимизда эса бу кўрсаткич бир ярим миллион тупни ташкил этади. Шунинг учун партиядошларимиз маҳалла фуқаролар йиғинларида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг миқёсда олиб бормоқдалар.

Шу билан бирга сафдошларимиз бошқаларга кўчат экишда намуна кўрсатмоқдалар. Масалан, партиямиз фахрийси Муроджон Жалилов ўз оиласи аъзолари билан ҳовлисига ва Чиндоқул қишлоғидаги бўш майдонларга камида юз туп  кўчат ўтқазишга қарор қилган. Бу миқдорнинг ярмиси манзарали бўлса, қолгани мевали дарахтлар ҳисобланади. Ҳозиргача олтмиш туп кўчат экиб бўлинди.

Партиямиздан туман кенгаши депутати Маъруфжон Тешабоев ҳам кўчат экишда фаоллик кўрсатмоқда. У ўзи раҳбарлик қилаётган 12-умумтаълим мактаби жамоасини мазкур ҳаракатда жонбозлик кўрсатишини таъминламоқда. Бугунгача педагоглар иштирокида икки юз тупга яқин кўчат ўтқазилди.

– Ўтган куни ҳам “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида туман бўйича оммавий ҳашар ўтказилди. Кўчат экишда партиядошларимиздан қарийб эллик киши иштирок этди,-дейди “Адолат” СДП Косонсой туман кенгашининг раиси Муроджон Мираҳмедов.

Қисқа муддат ичида икки минг тупдан зиёд кўчат экилди. Бундан буён бошқа ҳудудларда ҳам шундай ҳашарлар ўтказиб туришга қарор қилинди.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+