“Адолат”дан маслаҳат” лойиҳасининг илк иши

27.02.2020 19:02:29

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан вилоят ИИБга қарашли 40-сон манзил колониясида “Адолат”дан маслаҳат” лойиҳаси ташкил этилди. Вилоят Адлия бошқармаси ва маҳаллий Кенгашдаги партиянинг депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят ИИБ ҳамкорлигидаги мазкур лойиҳа сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий тарзда ўтказилди. 

Колония ходимлари ва жазони ижро этаётган маҳкумлар иштирокидаги мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, мамалакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тарғиботига алоҳида урғу берилди. Самимий мулоқотдан асосий мақсад эса партиянинг Устав ва дастуридан келиб чиққан асосий вазифаларни амалиётга татбиқ қилган ҳолда маҳбусларга ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканлигини яна бир бора таъкидлашдан иборат бўлди. Лойиҳанинг сиёсий қисмида Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга мурожаатининг мазмун-моҳияти ва унда партиянинг ғояларига мутаносиб равишда белгилаб берилган асосий вазифалар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Партия томонидан шу кунгача амалга оширилган ишлар ва лойиҳалар ҳақида эса вилоят Кенгаши мафкура бўлими бошлиғи Бекзод Абдуллаев батафсил сўз юритди. Лойиҳанинг ҳуқуқий қисмида вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси Бобур Норбоев махбусларга юридик маслаҳатлар берди. Ўзаро савол-жавобларда узоқ йиллар мобайнида мазкур колонияда жазони ижро этаётган фуқаролардан бир гуруҳи партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларига ўз таклифларини айтишди.

Шунингдек, лойиҳанинг маърифий-адабий қисмида сирдарёлик ёш ижодкор Азизбек Хўжа Нур шеърларидан тинглашди. Жазони ижро этаётган фуқаролардан адабиётга, хусусан шеъриятга қизиқувчилари ўзларининг шеърий машқларини ўқиб беришди. Энг қувонарлиси маҳбуслар томонидан ёзилган соғинч ифодаланган шеърий машқлардан намуналар матбуотда чоп этилиш учун қабул қилинди. Ана шундай самимий руҳда ўтган “Адолат”дан маслаҳат” лойиҳаси ҳар ойда ташкил этилиши режалаштирилган. Зеро, “Адолат” ҳар бир инсон учун!”

Адолат СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+