“Адолат” гуллар фестивалида

23.05.2022 15:05:45

Ўтган якшанбада Наманган шаҳрида навбатдаги Халқаро гуллар фестивали бошланганлигидан хабарингиз бор. Олтмиш биринчи марта ўтказилаётган гўзаллик ва нафосат байрами бугунги кунда бутун дунёдаги табиат ихлосмандларининг диққат марказида турибди, десак муболаға бўлмайди. Буни дастлабки куниёқ тантаналар маркази – Бобур номли маданият ва истироҳат боғига юз мингдан зиёд киши ташриф буюрганидан билса бўлади. Меҳмонлар орасида дунёнинг ўндан ортиқ мамлакати фуқаролари борлиги диққатга сазовордир.

  - Тарғибот ва ташвиқот тадбирларидан кўзланган асосий мақсад партиянинг нуфузини ва танилувчанлигини янада оширишдир.  – дейди “Адолат”СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев. – Биз шуни ҳисобга олиб, махсус тадбирлар режаси тузган эдик. Бу билан келгуси сайловларда муваффақиятли қатнашиш учун пухта замин яратишимиз мумкин. Шунинг учун саҳна кўринишлари, қўшиқлар, қисқа маърузалар тайёрланди. Уларнинг ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғланиб, яхлит йўналиш касб этади. Томошабинларга таъсир шунда янада кучли бўлади. Тарғибот тадбирларидан бири Бобур номли боғнинг марказий майдонидаги катта саҳнада ташкил этилди. Дарвоқе, унда пойтахтдан, қўшни Фарғона ва Андижон вилоятларидан келган партиямиз фаоллари ҳам иштирок этдилар.

Тадбирни “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев очди. У ўзининг кириш сўзида Гул байрамининг тарихи ва анъаналари ҳақида гапирди. Кейинги йилларда тадбир Президентимиз ташаббуси ва тавсияси билан халқаро мақомга эга бўлганлигини қайд этди. Натижада унинг миқёслари кенгайди, иштирокчилар сони бир неча баравар ошди. Халқаро Гуллар фестивали энди Наманганнинг туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.

“Адолат№ СДП Фарғона ва Андижон вилоятлари Кенгашлари раисларининг ўринбосарлари Адҳамжон Умаров ва Малоҳатхон Мусаева тадбир қатнашчиларини фестиваль билан қизғин қутлаб, энг самимий тилакларни изҳор этдилар.

Шундан сўнг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари тайёрлаган саҳна кўринишлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Уларда қатор партиявий лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ўз аксини топди. Айниқса, “Саломатлик йўлида бирлашайлик”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиорлари остида ўтказилаётган акциялар барчага маъқул тушди.

 – Наманганда ўтказилган Гул байрамларида аввал  ҳам қатнашганман, - дейди Андижон вилоят партия Кенгашининг матбуот хизмати котиби Акбаржон Назаров. – Аммо бу сафаргисининг таровати ўзгача эканлигини кўпчилик қатори эътироф этаман. Қолаверса, сафдошларимизнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари маъноли ва таъсирчан чиққанлигидан хурсанд бўлдик.

Пировардида иштирокчилар ўзларининг партиямиз фаолиятига доир саволларига жавоблар олдилар. Шундан кейин санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага алоҳида файз киритди.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат”  СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+