Адолат – миллатимиз суйган ғоя

06.10.2021 10:10:41

 

Янгиланаётган мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ғоялари билан ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” СДП фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизда ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатли жамият  қуришни ўзининг бош мақсади деб билади. Фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш партия фаолиятининг муҳим йўналишлари сирасига киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг сайловолди дастурида юқоридагиларга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Шу сабаб сайловчилар унинг дастурини қўллаб-қувватламоқдалар.

Номзод билан Андижонда ўтказилган учрашувда юқоридагилар ўз ифодасини топди. Номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Йўлдошали Эгамов Президентликка номзод билан учрашув очиб номзодга сўз берди. У ўз дастури билан йиғилганларни атрофлича таништирди.

 

Таъкидланганидек, номзод сайловчиларга ўз дастурини партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран анг­лаган ва “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этади. Бу йўлда ҳар бир иш қонун устуворлиги асосида амалга оширилади. Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланиш­ларни изчил давом эттиришни ўзининг бош мақсади, деб билади.

 Учрашувда сўз олганлар номзоднинг дастурини қўллаб-қувватладилар. Биз уларнинг фикрлари билан қизиқдик:

Насибахон Тўйчиева, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати:

-Дастурдан ўрин олган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳеч бир сайловчини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш масаласи ечимини кутмоқда. Шунингдек, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби устувор вазифалар белгиланганлиги аҳоли учун муҳимдир.  Бу айни вақтда андижонлик тиббиёт ходимларини ҳам қувонтиради.

Хулкарой Мўминова, “Адолат” СДП Хонобод шаҳар кенгаши раиси:

-Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ҳаёти ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, тарихий паллага кирди. Зеро, мамлакат Президентини сайлашдек катта ижтимоий-сиёсий воқеадан бирон-бир фуқаро четда қолиши мумкин бўлмаганидек, сайлов ҳар қандай сиёсий партия ҳаёти ва фаолиятида мисли кўрилмаган чиниқиш, тобланиш мактабига айланади. Қолаверса, бўлажак сайлов  сиёсий партиялар ва унинг вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Сиёсий партиялар учун мазкур сайловда муваффақиятли иштирок этиш энг аввало, улар илгари сурган номзодига ва унинг сайловолди дастурига боғлиқдир.

Номзодимизнинг дастурида илгари сурилган ғоя ва мафкура мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йиллигига ҳар томонлама мос эканига гувоҳ бўлдик. Мазкур ғояларда Ўзбекистонимизни ҳар соҳада ривожлантириш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш мужассам.

Айниқса, дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилганлиги бизни қувонтирди. Бу биринчи навбатда партиянинг ютуғидир. Бошқа партияларга нисбатан унда алоҳида қайд этиш лозим бўлган афзаллик бор. Бу – Адолат деган номдир. Унинг номини ўзи жозибадор. Сайловчини жалб этади. Умуман, адолат – миллатимиз суйган ғоядир. Халқимиз доимо унга интилган, уни ҳар жойда, ҳар вақт ҳукмронлик қилишини хоҳлайди.

 Илёс Мирзо Зияев, “ Ёш адолатчи”:

-Дастурда марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларни давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш таклифини илгари сурилганлиги барчани бирдай қувонтирди, десак муболаға бўлмайди.

Шу билан биргаликда таълим тизимини ислоҳ қилишда жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга ошириш мақсадлари, давлатимиз ўзининг энг катта бойлиги ва таянчи деб билган биз ёшларга катта имконият эшикларини очади.

Ўткирбек Арзиқулов, Андижон давлат тиббиёт институти психологи:

-Номзод томонидан  таълим соҳасини янада ривожлантириш борасида илгари сурилган истиқболли таклифлар ўқитувчи-педагог сифатида менинг алоҳида диққатимни тортди. Таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ўзининг ҳаётийлиги ва долзарблиги билан аҳамиятли.

Хусусан, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар айни бугунги замон талаби ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги, қолаверса, электоратимизнинг асосий вакиллари бўлган педагогларнинг манфаатларини ифода этади.

Учрашув якунида номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+