«Адолат» СДП: бизга ақлли тиббиёт керак

03.10.2019 12:10:56

Ўзбекистон  «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш мақсадида ҳудудлар кесимида митинглар ташкил қилиш белгиланган.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Бекобод шаҳар “Металлурглар” маданият саройи олдидаги майдонда “Бизга тўлиқ ақлли тиббиёт керак” мавзусида ўтказилди.

Янгича услубда ўтказилган тарғибот тадбирида маданий-кўнгилочар акциялар уюштирилди. Ушбу тадбирни ўтказишдан аввал ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли хабардор этилгани иштирокчилар сонини кескин ошириб юборди. Шу боис тадбирда ёш-у кексалар ҳамда бошқа вилоятлардаги партия аъзолари ҳам иштирок этди.

Тадбир аввалида янграган карнай-сурнай наволари, кўргазмали қўл жанги намойишлари,  партия томонидан  ташкил этилган  акциялар маданият саройи майдонига келган минглаб турли ёш ва миллатга мансуб ватандошларимизда ўзгача таассурот қолдирди. Иштирокчилар партиянинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдирди. Юртдошларимиз партия вакиллари билан мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Айниқса, таниқли санъаткорлар “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш мақсадида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Сайловчилар билан ўзига хос, янгича мулоқот ўтказишга бағишланган тадбирда йиғилганларга Ўзбекистон “Адолат СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари ҳақида  тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Наримон Умаров ҳозирда мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турганини, бу жараёнга “Адолат” партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлаб, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган устувор мақсадларини таъсирчан услубда, ҳаётий мисоллар воситасида тушунтириб берди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан дастурда соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ жой ажратиш таклиф этилди. Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари барчани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш давр талаби экани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Расмиятчилик, зерикарли маърузалардан холи бўлган жонли мулоқот тарзидаги интерактив ўйинлар, совринли викториналар, мушакбозлик томошалари билан ўтказилган мазкур тадбир барчага манзур бўлди. Ғолиблар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Митингда “Ақлли тиббиёт – барча учун” шиорини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш пулли хизматлар чегарасини аниқ белгилаш, тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцион харакатларни батамом йўқотиш лозимлиги йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Партиянинг вилоят Кенгаши бу каби янгича тарғибот тадбирларини барча туман ва шаҳарларда ўтказиб боради.

Манба: kun.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+