“Адолат” СДП: Инсон ҳуқуқларини топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

17.11.2019 00:11:54

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган журналистлар ҳақидаги ҳақоратли сўзлари ва таҳдиди “Адолат” социал-демократик партияси томонидан инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди.

Кейинги уч йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга эътибор ўзгарди. Чунончи, мамлакатда сўз эркинлиги қўллаб-қувватланяпти, соҳанинг чинакам “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилишига эришилмоқда. ОАВни рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни паллада айрим раҳбарларнинг, хусусан, ижро ҳокимияти мутасаддиларининг ушбу касб вакилларига нисбатан бундай муносабати кишини жиддий ўйлантиради.

Нега баъзи мансабдорлар ўз фаолиятида ОАВга суянишнинг ўрнига беписандлик билан ёндашмоқда?

Нима сабабдан аввалги баъзи мутасаддиларнинг “ҳурмача” қилиқларидан пойтахт ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тўғри сабоқ чиқармади?

Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин?

Ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кутиб қоламиз.

Шунингдек, журналист ва блогерларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминланишидаги ҳиссасини ҳамда жамиятимизда адолатни ўрнатишдаги фаоллигини эътироф этган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чора кўрилишини сўраймиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Махкамова Комила
2020-01-05 12:48:26
Партияни номини эшитиб инсонда канакадир умид уйгонади адолат боракан, инсон хукуклари ни кимдир химоя киларкан диб. Лекин депутатликка Абдукодиров Лутфулло каби энг муттахам тухматчи, битта касби оркали нон еб турган аелни ишдан олинишига уз хиссасини кушиб, яна коррупцияга жим караб турган инсонни куриб Узбекистонда умуман адолат йук экан диган хаелга келаркан одам. Халк тугри этаркан силага ишонч йук экан.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+