“Адолат” СДП табиий бойликларни самарасиз қазиб олишни чеклаш тарафдори

18.09.2024 14:09:13

Ўзбекистон Менделеев даврий жадвалидаги барча элементларга, фойдали қазилмаларнинг улкан захирасига эга жаннатмонанд ўлка ҳисобланади.

Ўзбекистонда 2 700 дан кўпроқ фойдали қазилма конлари маълум. Уларнинг фақат тасдиқланган захираси 970 млрд АҚШ долларини, умумий миқдори эса 3,3 трлн АҚШ долларини ташкил этади. Айрим фойдали қазилма захиралари бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторида турамиз. Бунга, энг аввало, олтин, мис, вольфрам, уран, табиий газ кабилар киради. Республикамиз олтин захирасига кўра дунёда 4-ўринда туради.

Табиий бойликлардан самарали фойдаланиш мамлакат иқтисодиёти ва атроф-муҳит мусаффолиги учун жуда муҳим ҳисобланади.

“Адолат” социал-демократик партияси ўз Сайловолди дастурида давлатнинг ерости ва ерусти захираларини ҳимоя қилиш, табиий бойликларни самарасиз қазиб олишни чеклаш чораларини кўриш ташаббусини илгари сурмоқда.

Партиямиз бу йўналишда қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:

– табиий бойликларни самарали ва экологик жиҳатдан хавфсиз қазиб олиш учун қонунларни такомиллаштириш;

– экологик таъсирни баҳолаш, яъни қазиб олиш фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ва тегишли чораларни кўриш;

– табиий ресурсларни самарали ва экологик жиҳатдан тўғри бошқариш бўйича тадбирлар, семинарлар ва таълим дастурларини ташкил қилиш;

– жамоатчиликнинг табиий ресурслар самарали бошқарилишидаги иштирокини таъминлаш ва уларнинг фикрларини инобатга олиш.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташланса, қатор давлатлар табиий бойликларни қазиб олишни чеклашга қаратилган чораларни кўраётганлиги маълум бўлади.

Масалан, Норвегияда нефть ва газ соҳасида хавфсизлик ҳамда самарадорликни таъминлаш мақсадида қатъий экологик стандартлар жорий этилган. Давлат нефть ва газнинг самарасиз қазиб олинишини чеклашга, шунингдек, ёқилғи соҳасидаги таъсирларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратади.

Швеция ва Канадада табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, унинг атроф-муҳитга зарарли таъсирларини камайтиришга қаратилган қонунлар мавжуд.

Партиямиз томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббус, шубҳасиз, экологик барқарорликни сақлаш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлади.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+