Адолат тарозиси бу - одил судлов

12.08.2022 16:08:26

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш бежиз эмас. Зеро, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Дарҳақиқат адолат тарозиси ҳисобланган одил судлов органлари амалда мустақил, қонун устуворлигини таъминлайдиган, инсон ҳуқуқларининг кафолати сифатида ҳар бир ишни адолатли ҳал қиладиган орган бўлиши жоиз. Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг мақсади ҳам одил судловни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган энг ишончли ва чинакам мустақил органга айлантиришга эришишдир.

Партия Сайловолди дастуридаги вазифалар ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон «Адолат» СДП Тойлоқ туман Кенгаши томонидан тумандаги «Олмазор», «Бирлик», «Боғичинор», «Қурғонча» маҳалласида яшовчи фуқаролар ва партия фаоллари иштирокида «Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида туман Кенгаши раиси Н.Акрамова, туман Адлия бўлими мутахассиси А.Рахматов, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий масалалар бўйича суд соҳаси вакиллари иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар вилоят ва унга тенглаштирилган суд раисларининг ишларни ҳар тарафлама, тўлиқ ва асосли кўрилишини таъминлаш, иш юзасидан адолатли ва қонуний қарор қабул қилинишида масъулият ва жавобгарлигини ошириш мақсадида уларга протест киритиш ва судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш каби ваколатларни, ҳамда вилоят судларига ишларни назорат босқичида кўриш тартибини белгилаш лозимлигини таъкидлашди ҳамда туман ва шаҳар судлари негизида умумий юрисдикация судлари ташкил этиш, адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни кенгайтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида қонунчилик ташаббуси билан чиқиш бўйича тушунтириш бериб ўтдилар.

Бу «адолатчилар»ни жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доимий эътибор қаратаётганликларини кўрсатади. Таъкидланганидек, тизимдаги ўзгаришлар фуқароларнинг суд идораларида ортиқча оворагарчиликларини олдини олиш ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошишига хизмат қилмоқда.

Нилуфар Акрамова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тайлоқ туман Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+