Адолат ва қонун устуворлиги ҳаётимизнинг бош мезони

28.04.2022 10:04:45

Янги Ўзбекистон ҳар соҳада янада жадал ривожланиш борасида янги даврга қадам қўйди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган улуғвор мақсад асосида янгидан-янги ислоҳотларни амалга оширилмоқдаки, халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Ушбу тараққиёт стратегияси 7 та йўналиш ва 100 та мақсаддан ташкил топган бўлиб, унда юртимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуни манфаатлари энг олий қадрият дея белгиланди.

Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устувор йўналишида, Ўзбекистонда адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир деб белгиланган.

           Адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш иккинчи устувор йўналиш сифатида белгилангани бежиз эмас. Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернизация қилишда, энг аввало, Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш,  Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш,   Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш,  Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш, шу билан бир қаторда  коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

 Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади.   Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан ўтган беш йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратди, десак муболаға бўлмайди.

        Хусусан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Ислоҳотлар самараси сифатида узоқ йиллар давомида аҳоли учун оғриқли масала бўлиб келган “прописка” тизими тубдан ислоҳ этилди. Фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишлари, сайлов жараёнларида мамлакат фуқароси сифатида иштирок этишларини таъминлаш йўлга қўйилди. Буни биз 2021 йилда бўлиб ўтган Президент сайловларида ҳам бевосита гувоҳи бўлдик. Албатта, бу борада иши тушмаганлар бу ислоҳотни тўлиқ ҳис этмаслиги мумкин, лекин сўнги йиллар давомида “прописка” ёки фуқаролик олганларнинг юз-кўзларидаги ишонч ва мамнуният ҳиссидан улар учун бу масалалар қанчалик муҳимлигини, гуё елкасидан “тоғ” ағдарилгандек бўлганлигини англашингиз мумкин. Ҳақиқатдан ҳам бугун улар истаган жойларидан уй оляпти, хоҳлаган идорасига ишга жойлаша оляпти.

         Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Адолат” СДП ҳам халқимиз барча нарсадан устун қўядиган адолат ақидасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни – энг бирламчи вазифаси деб билади. Чунки, адолат ҳукм сурган жамиятда умуминсоний қадриятлар ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эътиқоди ортади. Партия қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллаши лозим, деб ҳисоблайди. Фуқаролар суд органларини ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони деб билиши керак. Халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаб, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш лозим. Бу каби мақсадлар партиямизнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди Дастуримизда ҳам батафсил ёритиб берилган.  

        Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда Самарқанд вилоят партия ташкилоти томонидан ҳам соҳа вакиллари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, олий таълим муассасалари, маҳалла фуқаролари йиғинлари, ташкилотлар, умумтаълим мактабларида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, судларни чинакам адолат қўрғонига айлантириш, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш борасида соҳа вакиллари иштирокида турли учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда сайёр қабуллар ташкил этиб келмоқда.

        Шу ўринда, муҳтарам юртбошимизнинг “Адолат — бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир”, деган сўзларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлмиш адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш   борасида стратегик қадамлар ташланмоқда. Бугун мамлакатда олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тарзда

тус олмоқда.  Зеро, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодасидир. 

Бинобарин, халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу йўлда суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари билан ҳамкорликда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш  ҳар биримизнинг олдимизда турган вазифа бўлиши даркор.

         Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

 Халқ депутатлариСамарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+