Адолат ва тенг ҳуқуқ таъминланишига эришамиз

18.04.2024 14:04:51

Янги Ўзбекистонда халқ хўжалигининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар замирида фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадлари мужассам.
Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудованинг Қашқадарё вилоятига келгач, дастлаб Қарши аэропортида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти иш фаолияти билан танишди.
Дарвоқе, бошланғич партия ташкилоти партиянинг асосий таянчи, бўғини ҳисобланади. БПТ ишини юқори поғонага кўтариш, партиявий-тарғибот тадбирларини, партия лойиҳаларида илгари сурилаётган ғояларни кенг халқ оммасига етказишда ўрни катта бўлаётир. БПТга 30 нафар “Адолатчи”лар уюшган. Партия фаоллари жамоатчилик фикрини шаклланишига, аҳолининг турли қатлами қонуний манфаатини мустаҳкам ҳимоя қилишда намуна бўлишаётир. Бундан ташқари, БПТ аъзолари партиявий ишларни янада жонлантириш учун ижтимоий-сиёсий йўналишларда юқори партия ташкилотига таклифлар беришда ҳам ўзгача фаоллик кўрсатишаяпти. Улар янги таҳрирдаги Конституция тарғиботи, демократик жамият пойдевори ҳисобланган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, БПТ фаолиятини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Партия раҳбари БПТ иш фаолияти билан яқиндан танишаркан, аъзолар сонини кескин кўпайтириш, партия лойиҳалари доирасидаги тадбирлар сифатини яхшилаш, одамларнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади.


Қарши аэропортида “Адолат” СДПга аъзо бўлиш истагида ариза топширган Диана Ҳусанова, Тамила Ҳикматова, Эрали Жўраев, Рустам Бойназаров каби 10 нафар ходимларга аъзолик гувоҳномаларини партия раҳбари Робахон Маҳмудова топширди. Биз сиёсий кучга янги аъзо бўлган фуқаролар билан суҳбатлашдик.
- Менга “Адолат” СДПнинг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, барча соҳада очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари ёқади, - деди Зуҳриддин Усмонов. - Шу туфайли ҳам “Адолат”ни танладим. Ҳеч иккиланмасдан аъзо бўлдим.


Дарвоқе, шу куни республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиали ва Қашқадарё вилояти кардиология марказида ҳам Робахон Махмудова иштирокида тиббиёт ходимлари билан учрашув ташкиллаштирилди. Унда Робахон Махмудова партиямиз электоратининг кўпчилик қисмини ташкил этадиган тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза этиш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани халққа янада яқинлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунча берди. Учрашув якунида иккала тиббиёт муассасасида 60 нафар саломатлигимиз посбонлари “Адолат” СДПга аъзо бўлишди. Уларга ҳам аъзолик гувоҳномаларини Робахон Маҳмудова топширди. Иккала тиббиёт муассасасида ҳам партиянинг янги бошланғич ташкилоти тузилди ва унинг раислари сайлаб олинди.


Робахон Махмудова қашқадарёлик партиядошлар томонидан сиёсий куч дастурий мақсад вазифаларининг амалга оширилиши, белгиланган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишиш учун вилоят Кенгаши биносида фаоллар билан мулоқот қилди. Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг туман, шаҳар Кенгашлари раислари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Учрашувда вилоят Кенгаши ўз фаолиятини партиянинг низоми ва сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларга мос ҳолда ташкил этаётгани қайд этилди. Шунингдек, партия ташкилотларида партиявий интизомни мустаҳкамлаш, аъзолар сонини янада кўпайтириш, халқ орасида кўпроқ нуфузга эга бўлиш учун бошланғич ташкилотлар ишини кескин кучайтириш, кадрларни танлаш, тарбиялаш, захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушуми режасини сўзсиз бажарилишини таъминлаш учун бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, тарғибот-ташвиқот ишларини шу кун талаби асосида жонлантириш, “Адолат” СДП аъзоларининг сиёсий билимларини ошириш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Халқ иродаси, ўтказилаётган ислоҳотларга юртдошларимизнинг фаол муносабати орқалигина Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги мақсад ва вазифаларга эришиш мумкин. Албатта шу нарсанинг ўзи “Адолатчи”лардан масъулликни янада оширишни тақозо этади.
- Бунинг учун кўпроқ одамлар орасида бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини биргаликда ҳал этиш талаб этилади, - деди Робахон Махмудова. - Биз “Адолатчи”лар барча жабҳада фаол ва ташаббускор бўлмоғимиз лозим.
Партиянинг вилоят Кенгаши томонидан “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида 250дан ортиқ учрашув ва тадбирлар ўтказилган. Мазкур ўрганишларда аҳоли томонидан 300дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида масъул идораларга 50та депутатлик сўровлари юборилган. 43та мурожаат эса ижро этувчи ҳокимият идоралари томонидан ҳал этилган. Қолганларига эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Биргина шу йилнинг ўтган ойларида партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 59 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.
Умуман олганда, партия ишчи гуруҳлари томонидан қилинаётган ишлар, ютуқлар, камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал этиш, ҳуқуқий тарғибот кўламини кенгайтириш, ҳамкор ташкилотлар билан алоқани янада мустаҳкамлаш лозимлиги тушунтирилди.
Робахон Махмудованинг вилоят аҳолиси ва партия фаоллари билан учрашувлари давом этмоқда.

Комил Сахатов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+