Адолатли қайноналар - катта ибрат мактаби

29.06.2021 19:06:35

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида оилада намунали маънавий муҳитни шакллантира олган, адолат тарозисини тенг тута олган қайноналарнинг бой ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшларга тушунтириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлашда ибрат бўла олган намунали қайноналарни кенг тарғиб қилиш ва рағбатлантириш мақсадида жойларда “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Хусусан, Иштихон туманида бўлиб ўтган   “Адолатли қайнона”  кўрик-танлови  қизғин беллашувлар орқали, кўтаринки руҳда ўтди. Кўрик-танлов  низомига  кўра  танловнинг дастлабки босқичи орқали маҳаллалардан саралаб олинган 7 нафар онахонларимиз учта  шарт  бўйича  ўзаро  беллашишди. Танловнинг “Ўзларини  таништирув”   шарти  бўйича барча онахонларимиз  бир  хил  натижага  эга  бўлишди. Улар шеърий, ифодали  тарзда  ўз  оилалари, фарзандлари, набиралари ҳақида маълумотлар бериб ўтишди. Кўрик-танловнинг ҳал қилувчи шарти  бўйича  онахонларимизнинг  сиёсий  саводхонлиги, уларнинг замон  билан  қай даражада ҳамнафас эканликлари синовдан ўтказилди.

Танловнинг  “Эркин мавзу” шартида  қайноналаримиз  ўзларининг  адабиёт  ва  санъатга ошуфталиклари, шеърий монологлар   ўқиш, ўзбекона миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб авлоддан-авлодга  етказишдаги  маҳоратларини  намойиш  этишди.

Ўзбекистон  “Адолат” социал демократи партияси Иштихон туман Кенгаши раиси Муталлиб Раҳимовнинг таъкидлашича, ушбу танлов нафақат қайноналарни ўз иқтидорларини намойиш этишларига кенг йўл очмоқда, шу билан бир қаторда атрофидагиларга намуна кўрсатиш йўлида ҳам ўзига хос   ибрат мактаби бўлмоқда. Албатта, жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган  ана  шундай  онахонларнинг борлиги жамиятимиз  равнақида  муҳим рол  ўйнайди. Бу каби танловларни кенг кўламда ташкил этиш, тарғиб қилиш  ўз  навбатида  оилаларнинг  мустаҳкамлигини  сақлашга, оилавий  ажримларнинг камайишига  олиб келиши шубҳасиз.

 

Асқар Холиқов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+