АДОЛАТСИЗ “ТОНИРОВКА” ёҳуд иқтисодий манфаат инсон ҳаётидан устунми?

17.08.2021 16:08:54

Аввал ҳам партиямиз томонидан "тонировка" масаласи кўтарилгани кўплаб аҳоли вакиллари томонидан илиқ кутиб олинди. Бу инсонларнинг кўнглидаги гап бўлиб чиққани ҳақида эътирофлар қабул қилдик. Ижтимоий тармоқларда ўтказган сўровномаларимиз ҳам кўпчилик бепул тонировка тарафдори эканлигини кўрсатди.

Ушбу мавзу нечоғлик долзарблиги кундек равшан эканлигига қарамай ҳамон масала ечимини топмаган савол остида турибди. Ваҳоланки, ҳайдовчиларнинг ойналарни қорайтиришга руҳсат йўқлиги ва жарима миқдорининг юқорилигига билдираётган эътирозлари асосли ва ўринлидир.

Юртимизга серқуёш таърифи берилиши бежиз эмас. Жазирама ёз ҳамда куз ва баҳор фаслида қуёш мўллиги об-ҳаво билан боғлиқ ноқулайликларни туғдиради. Офтоб тиғида қолиш, қуёшнинг ультра бинафша нурларини меъёрдан ортиқ қабул қилиш соғлиқ учун зарарлигини тиббиётчилар тасдиқлайдилар. Қайд этилишича, миёридан ортиқ офтобнинг инсон организмига салбий таъсири бирқанча зиёнлар қаторида меҳнат унумдорлигини ҳам тушириб юборади. Бунинг олдини олиш учун қуёшдан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланишга катта аҳамият бериш тақозо этилади.

Шу ўринда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган айрим турдаги жарималарнинг миқдорлари ва уларни бир бири билан ижтимоий хавфлилик нуқтаи назаридан солиштирганда бу борада жарималарнинг адолатсиз ўрнатилганлигини кўришимиз мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2-моддасига кўра маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик инсон ва жамият фаровонлиги йўлида бошқа бир қатор устувор вазифалар билан бирга ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Шу ўринда савол туғилади. Автомобил ойналарини қорайтириш орқали офтоб нуридан ҳимояланишкундалик зарурат экан, нега бу ҳаракат катта миқдорда жарима билан жазоланмоқда?

Шу кеча кундузда “тонировка” учун жарима 6 миллиондан ортиқ суммани ташкил қилмоқда. Бу ҳуқуқбузарлик бошқа ижтимоий хавфи юқори бўлган ҳуқуқбузарликлардан кам. Масалан, тезликни 40 км.дан оширганлик учун 2.2 миллион сўм, яъни уч баравар кам жарима белгиланган. Ахир тезликни ошириш, яни йўлда 150-200 км/с ҳаракатланишнинг оқибати оғир, хатто одамлар ўлимига олиб келиши мумкин, ва олиб келмоқда, биз буни сиз билан кунда ижтимоий тармоқларда кузатиб боряпмиз. “Тонировка” эса деярли хавф туғдирмайди. Ваҳоланки, агар пулини тўласангиз умуман бу ҳуқуқбузарлик қонуний бўлади қолади.

Светафорга қараб ҳаракатланмаслик ёхуд йўловчига даҳл кўрсатиш “тонировка”дан кўра аҳамияти ва моҳияти паст ҳолатдек баҳоланмоқда. Зарурат ҳисобланмиш ойна қорайтиришга эса жарима адолатсиз қўлланилмоқда. Ҳайдовчи ва йўловчининг талаб ва эҳтиёжи ҳисобга олинмаяпти.

Кунига барчамиз ижтимоий тармоқларда тезликни ошириш ёки светофорнинг “қизил” чироғига ўтиб кетиш оқибатида аянчли ҳолатлар юз бераётганлигини кўриб турибмиз. Рухсатсиз “тонировка” оқибатида эса бирон бир шахсга зиён етганлигини тасдиқловчи бирон бир маълумот мавжуд эмас. Бундай ҳолат бўлмасин ҳам.

Тегишли қарор билан “тонировка” рухсатномасини олиш учун катта миқдорда бир ташкилотнинг “чўнтагига” тушадиган пулни тўламаганлик учун бу даражада катта жарималарни ўрнатилиши адолатсизик. Ахир инсон соғлиғи ва ҳаёти ҳар қандай ташкилотнинг иқтисодий манфаатидан устун турадику!?

Шундай экан, Маъмурий жавобгарлик кодексида қайд этилган жарималарни қайта кўриб чиқиш фурсати етди. Зеро, адолатга зид нормалар ўз кучини йўқотиб, ўрнини халқчил меъёрларга бўшатиб бериши шарт. Биз ижтимоий адолат тарафдоримиз.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+