"Афсоналар водийси”да ҳунармандчилик маркази

28.07.2022 17:07:25

Кейинги йилларда Наманган шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш учун қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Кўплаб янги меҳмонхоналар қурилмоқда, истироҳатгоҳлар ташкил этилмоқда, зиёратгоҳлар таъмирланиб, шарт-шароитлар яхшиланмоқда. Кўнгилочар масканлар ҳақида гап кетар экан, биринчи навбатда “Афсоналар ВОДИЙСИ” ҳам тилга олинади. У бир неча йил ичида маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонларнинг севимли дам олиш жойига айланди.

 – Мен оила аъзоларим билан ушбу ҳордиқ масканига тез-тез бориб тураман, - дейди “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов. – Бу ерда бўш вақтни намунали ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар мавжуд. Айни пайтда 16 турдаги аттракционли тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, 7 хил сув аттракционлари ва 16 та бассейнли аквапарк, 2 та замонавий шаршара ва мусиқали фаввора дам олувчилар хизматида.

наман2_1

Боғ ҳудуди 155 гектар. Мазкур истироҳатгоҳда 123 миллион долларга тенг лойиҳа амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2018 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида "Афсоналар ВОДИЙСИ" маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан танишган ва уни энг замонавий талаблар асосида барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. Ана шу йўналишдаги ишлар бугун ҳам давом эттиролмоқда.

Куни кеча истироҳатгоҳда миллий ҳунармандчилик мажмуаси иш бошлади. У “Восточный базар - SilkGranat» деб номланган. У вилоятнинг иқтисодий, шу жумладан, сайёҳлик  салоҳиятини тарғиб этувчи ушбу маскан нафақат юртдошларимиз, балки хорижий меҳмонлар эътиборини ҳам тортиши аниқ. Чунки бу ерда миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилади. Уларни сотиб олиш мумкин, албатта. Зарур бўлса, кўпроқ миқдорда буюртма бериш имконияти ҳам бор.

Маҳаллий ҳунармандчилик мактабларининг илдизи узоқ асрларга бориб тақалади. Наманган тўқимачилари ва ёғочсозлари, Чуст дўппидўзлари ва пичоқчилари, Поп кулоллари, Косонсой кашталарининг довруғи етти иқлимга кетган. Бугунги кунда ана шу ажойиб усталарнинг анъаналарини муносиб шогирдлар давом эттирмоқдалар.

Масалан, уч минг йилликдан зиёд тарихга эга бўлган Чустни дунёга танитганлар орасида пичоқчи усталар ҳам бор. Улар эрамиздан олдинги даврлардаёқ бу оддий рўзғор буюмини ясашни санъат даражасига кўтарганлар. Пичоқ тиғидан тортиб сопигача алоҳида ишлов бериш натижасида ҳар қандай одамни лол қолдирадиган гўзаллик ва нафислик касб этади. Раҳимжон ака Убайдуллаев ана шундай моҳир усталар сулоласининг давомчисидир. У пичоқчиликни ўғиллари ва набираларига, кўплаб ёшларга ўргатган. Ясаган маҳсулотлари жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларидаги кўргазмаларда намойиш этилган.

«Восточный базар - SilkGranat» миллий мажмуасининг раҳбари таниқли тадбиркор Марина Жабборова ҳисобланади. Унинг айтишига қараганда, “Афсоналар ВОДИЙСИ”да жойлашган бу бозор хорижий сайёҳлар эътиборини ўзига оҳанрабодай тортадиган бўлади. Бу ерда турли мавзудаги кўргазма, фестиваль, семинар каби тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+