Аграр соҳани саноатлаштириш иқтисодий барқарорликни таъминлайди

12.02.2021 18:02:53

Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш йўлида кластер тизимининг жорий этилиши бир-бирига боғлиқ бўлган соҳаларни қайта ислоҳ этиш заруратини юзага келтирди.

Сир эмас, юртимизда аҳолининг турмуш фаровонлиги ва бандлигини таъминлашга қаратилган даромад манбаининг кўп қисми аграр соҳанинг ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кун ўзбек деҳқонининг далада чигит қадашдан тортиб, машаққат билан ҳосилни йиғиб олгунга қадар фидо бўлиб ишласада, оғир меҳнати учун арзимаган ҳақ оладиган замон эмас.

Қолаверса, жаҳон бозорига хом ашё сифатида чиқариладиган пахтанинг қиймати қандай баҳоланадию, бу хом ашёдан тайёр маҳсулот сотувга чиқарилганда қанча фойда олиниши мумкинлигини ҳаммамиз ҳам яхши англаймиз.Шундай экан, кластер тизимининг амалиётга татбиқ этилиши нафақат тарқоқ ҳолатдаги соҳаларни тартибга солади, балки иқтисодий барқарорликни ҳам таъминлайди.

Ҳар қандай янгилик ижтимоий ҳаётга мослашар экан, уни қабул қилувчилар билан бир қаторда ижобий самара бераётгани маълум бўлсада, танқид қилувчилар ҳам топилади. Аслида, бу ҳаётий қонун ва буни табиий қабул қилиш лозим. Айни пайтда кластер тизими ҳам монополиянинг бир кўриниши ёки фермерларнининг “ери” шу баҳона билан олиб қўйилаётгани ҳақидаги қарашлар юзага чиқмоқдаки, бу важларнинг қанчалик нотўғри эканлиги вақт синовидан ўтаётганига гувоҳмиз.

Хўш, бу тизимнинг афзаллиги нимада? Бир сўз билан айтганда, мазкур жараёнларда ҳамма ишчиларнинг манфаатлари уйғунлашади. Яъни, хом ашё етиштирилишидан тортиб, уни қайта ишлашгача бўлган даврда барча ишчи-ходимлар маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки, шунга яраша олинадиган даромаднинг бир қисми бу ишга бош қўшган меҳнат жамоаларига тақсимланади.

Бундай рағбат уларни номигагина эмас, балки сидқидилдан меҳнат қилишга, ҳар бир ишга иштиёқ билан ёндашишга ундайди. Кластерлар фақат иқтисодий самарадорлиги юқорилиги билан эмас, балки ижтимоий аҳамияти катталиги жиҳатидан ҳам ажралиб туради. Бундан ташқари, кластерлар янги иш ўринларини яратилиши ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Энди, “ери” олинаётган фермерлар масаласига келсак, халқимизда “Меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан” деган нақлни ёдга солади. Бошқарувнинг нотўғри йўлга қўйилгани, ишчи кучи камлиги ҳамда зарур техникаларнинг йўқлиги “оқсаётган” фермер хўжаликлари фаолиятидаги асосий муаммолардан биридир. Тасаввур қилинг, ҳосилдорлиги яхши бўлган майдонларга бир неча йил етарли ишлов берилмаса, бу ўша ернинг ҳосилдорлигини камида беш-олти йилга ортга сурилишига сабаб бўлади.

Шундай экан, энг аввало кластерларга бирлашган фермерлар ўзлари раҳбарлик қилаётган хўжаликларда ҳосил миқдорини ошириш орқали даромадни кўпайтириш, ўз ходимларига муносиб ҳақ тўлаш ҳақида ҳам аниқ чора-тадбирларни амалга ошириши мақсадга мувофиқ.

Хабарингиз бор, ўтган йилдан бошлаб пахта хомашёси ишлаб чиқариш                 ва мажбурий сотиш режаси, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинди. Давлат буюртмасини йўқ қилишнинг омилларидан бири унинг нархга аралашувига ҳам чек қўйиш мақсад қилинган эди. Ўтган қисқа вақт давомида кўзга ташланган айрим камчиликлар эса бу тизимни танқид остига олинишига асос бўла олмайди. Бу ўринда татбиқ этилаётган барча чора-тадбирлар ривожланиб бораётган хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Мисол учун, Навоий вилояти Навбаҳор туманида кластер усулига ўтилмасидан олдин пахтачиликда гектаридан 30-35 центнердан ҳосил олинган. Экин майдонлари кластер ихтиёрига берилгач, биринчи мавсум — 2019 йилнинг ўзида гектаридан ўртача 40 центнердан пахта етиштирилди. 2020 йил эса ўртача ҳосилдорлик 45-50 центнердан ошди. Бу масаланинг бир жиҳати.

Кластерлар томонидан яратилаётган барқарор ва расмий иш ўринлари ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, даромадларини оширишга қаратилган натижавий кўрсаткич сифатида ҳам баҳоланади.

Бундан ташқари, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланади. Кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириши эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топади. Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, олинадиган даромад салмоғи каррасига кўпаяди.

Айни пайтда фақат маҳаллий эҳтиёжларни қондира оладиган бир томонлама аграр тизимдан саноатлашган ва асосан, миллий маҳсулотларимизни экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган жамиятга ўтаётган эканмиз, бу эзгу мақсадлар бизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштириши лозим.

 

Рустам ХАЙИТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+