Ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитет керакми?

05.04.2021 10:04:42

Президентимизнинг 2021 йил  26 март кунидаги “Маънавий – маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз тарғиботчилар учун асосий йўриқнома сифатида ишларимизни янада самарали олиб боришимизга даъват этмоқда. 

Бугунги таҳликали глобаллашув айниқса, ғоялар кураши кескин тус олган пайтда асосли, ҳаётий, самарали тарғибот ва ташвиқот халқни ишонтиради, руҳлантиради, улуғ ва қутлуғ мақсадлар  сари  илҳомлантиради. 

Акс ҳолда, душман ундан устамонлик билан фойдаланиб, омма онгини заҳарлаши, турли оқимлар томон оғдириши, йўлдан оздириши ҳеч гап эмас, жангда сен душманни отмасанг, у сени отади. Бу оддий ҳақиқат.

Маърифатпарвар адиб Фитрат ўз даврида “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, - деган эди.

Шундай экан, давлатимиз  ривожланиши, юртимиз  фуқароларининг ва айниқса ёшлар онг ва маънавиятини тўғри тарбиялашда биз тарғиботчиларнинг фаолияти муҳим ҳисобланади. 
Муҳтарам Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё  инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф–хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда ғўр болаларни ўз ота – онасига,  ўз  юртига  қарши  қайраб,  уларнинг  ҳаётига,  умрига  зомин  бўлмоқда.  Бундай  кескин  ва  таҳликали  шароитда  биз  ота-оналар,  устоз-мураббийлар,  жамоатчилик,  маҳалла-кўй  бу  масалада  ҳушёрлик  ва  огоҳликни  янада  оширишимиз  керак. Болаларимизни  бировларнинг  қўлига  бериб  қўймасдан,  уларни  ўзимиз  тарбиялашимиз  лозим”.

Сўнгги  йилларда  ақидапараст  оқимлар  ёшларни, меҳнат  мигрантларини  таъсир  доирасига  оғдириш учун тарғиботнинг турли усулларидан фойдаланаяпти. Масалан,  диний  экстремистик  мазмундаги  материалларни  электрон  куринишда  тарқатиш,  “Интернет”  орқали  тарғибот  ўтказиш,  яширин  “Ҳужралар”  ташкил  этиш  каби  усуллардан кенг фойдаланаяпти.  Айниқса,  Интернет  тармоғида  “Ироқ  давлати”,  “Жабат  ал-Нусра”  каби  террористик  ташкилотлар  гуёки  ислом  равнақи  йўлида  курашаётган  “Мужоҳид  биродарлар  гуруҳи”  экани  ҳақидаги  тарғибот – ташвиқот  кенг  кўламда  олиб  борилаётгани,  бунинг  оқибатида  дунёнинг  кўплаб  мамлакатларидан  мусулмон   ёшлар  “ҳижрат”  қилиш  ва  “жиҳод”да  иштирок  этиш  даъвосида  Сурия  ва  Ироқ  ҳудудига  бориб,  ушбу  гуруҳ  сафига  қўшилаётганининг  гувоҳи  бўлмоқдамиз.

Мутаассиб  оқим  аъзолари   “жиҳод”,  “ҳижрат”,  “шаҳидлик”,  “кофир  бўлиш”  каби  диний  тушунчаларни  сохта  талқин  қилиш  орқали ёшларимизни  қуролли  тўқнашувлар  кетаётган  Сурия,  Ироқ,  Афғонистон  ёки  Покистон  каби  мамлакатларга  жўнатиб,  “манқурт – жангари”  ёки  “тирик  бомба”га  айлантираяптилар.

Интернет  ва  ижтимоий тармоқлар кескин ривожланиши   туфайли  дунёда  маданиятлар  ва  давлатлар  ўртасидаги  чегаралар  йўқолиб  бормоқда. 

Айни пайтда   Интернет  тармоқларида  бузғунчилик,  зўравонлик  ва  ахлоқсизликни,  “оммавий  маданият”ни  тарғиб  этадиган  сайтлар  фаолият  кўрсатаётгани айниқса ачинарлидир.  Ана  шундай  кескин  ва  мураккаб  ахборот  хуружлари  ва  хавф-хатарларга  биз  қандай  қарши  тура  оламиз?

Шу кеча-кундузда   ёшларнинг  турли  норасмий,  ноисломий  диний  жамоаларнинг  таъсирига  тушиб  қолишининг  олдини  олишда  ўқув  муассасалари  ва  маҳаллалар   томонидан  тизимли  равишда  тушунтириш  ишлари  олиб  борилиши   муҳим  аҳамиятга эга.

Ёшларда ёт  ғояларга  нисбатан  маънавий  иммунитет  шаклланмас экан,  “бу – яхши,  бу – ёмон” деган  қатъий  фикр  пайдо  бўлмаса   мафкуравий  хатарларга  қарши  туриш  қийин  кечади. 

 Халқимизда  “Яхши  бола  юрт  тузар,  ёмони  элни бузар”  деган  пурҳикмат    бор. Юртимизда  ҳукм  сураётган  тинч  ва  осуда  ҳаётни  асраш,  унинг  мустақиллиги  ва  барқарорлигига  муносиб  ҳиссамизни  қўшиш  ҳар  биримизнинг,  шу  азиз  Ватанда  яшаётган  барча  фуқароларнинг  асосий  вазифаларидан  бири  бўлиб  қолмоғи  лозим.  Бу  бизнинг  мустақиллигимизнинг  30  йиллигини  асраб-авайлашга  чорлайди.  Муҳими,  тинчлик-тотувлик,  меҳр-оқибат  бор  экан,  ўз  орзу-мақсадларимизга  албатта  эришамиз. Бугун ҳар биримиз эртанги кунимиз эгаларини ёт ғоялар таъсиридан асрашга масъул эканлигимизни унутмайлик.                                                                                                                                                                           

 

Муҳаббат  ШАРОПОВА,

Халқ депутатлари Қашқадарё

вилоят Кенгаши депутати,

Ўзбекистон  Қаҳрамони

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+