Аҳоли бандлиги масаласининг долзарблиги

18.12.2023 10:12:13

“Адолат” СДП Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши томонидан Шахрисабз МФЙ тадбиргоҳида “Бизнинг бош мақсадимиз – аҳоли бандлиги” мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, мутасадди идоралар раҳбарлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Дарҳақиқат, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг, хусусан биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Янги Конституциямиз ва Халқаро меъёрларда белгилангани каби юртимизда ҳам ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилганлиги учрашувда қайд этиб ўтилди.
- Аҳоли бандилиги масаласи муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда, - деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилрабо Темирова. - Мен бир партия фаоли сифатида давлатимиз раҳбарининг ҳар бир видеоселектор йиғилишларини мунтазам кузатиб бораман. Президентимиз ҳар сафар аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодни илмли, маърифатли, касб-ҳунар эгаси этиб тарбиялашга алоҳида эътибор бериб келаяптилар. Шу долзарб масалани ижобий ҳал этишда биз масъулларга тегишли йўл-йўриқлар ва кўрсатмалар бераяптилар. Биз депутатлар партиянинг туман Кенгаши билан ҳамкорликда фуқаролар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этаяпмиз. Биргина шу ўтган 3 ой давомида Шаҳрисабз МФЙ ҳудудидаги 15 нафар ишсиз ёшларни янги иш фаолиятини бошлаган тадбиркорлик шаҳобчаларига ишга жойлаштирдик. Уйда ўтирган 31 нафар хотин-қизлар касаначилик ишларига жалб этилди. Қарийб 42 нафар ишсиз фуқаролар мавсумий ишларга йўналтирилди.
Шунингдек, тадбирда қонун билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш борасида ҳам амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр юритилди. Халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши депутати - Самариддин Зайниддинов ташаббуси билан 20 нафардан зиёд ёшлар ва хотин-қизлар мономарказларда ўқитилиб, ишли бўлди. Шунингдек, партия фаоллари томонидан ишсиз шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш, энг муҳими ва эътиборли жиҳати фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш бўйича ҳам тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар ташкил этилаяпти.
Умуман, учрашувда ҳозирги кунда ўта долзарб бўлиб турган бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишга ҳамда шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишга эътибор янада кучайтирилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам берилди.Тадбирда фуқаролардан тушган саволларга мутасаддилар тегишли жавоблар беришди. 8 нафар ёшлар ўз мутахассисликлари бўйича иш топа олмай қийналаётгани туфайли, уларга депутатлар томонидан ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Достон Нусуров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар “ қаноти етакчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+