Аҳоли фаровонлиги – унинг саломатлигида

08.05.2021 17:05:18

Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва фармонлар замирида инсон ва унинг қадр-қиммати, соғлиғи ва фаровон ҳаёти биринчи даражада турганлигини чуқур ҳис этамиз. 

Аҳоли билан учрашувларимиз, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларимизда теран таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 май куни қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони юртимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ва қамровини кенгайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Фармонда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши аниқ белгилаб берилди.

Бу эса ўз навбатида ўрта тиббиёт ходимларининг бандлигини таъминлаш билан қатор, сон жиҳатдан ўсаётган аҳолимизнинг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, ҳар бир инсон тиббиёт ходими назоратида бўлишига хизмат қиладиган муҳим омил.

Тиббиёт соҳаси вакиллари учун бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда билим ва кўнликмаларни ошириб бориш, соҳадаги сўнги янгиликлардан хабардор бўлиш ҳаво билан сувдек зарур.

Шуларни ҳисобга олиб, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда уни 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилиш вазифаси илгари сурилиши соҳада малакали кадрлар хизмат қилишига имкон яратади.

Барча жойда бир хил хизмат кўрсатиш малакали кадрларга боғлиқ, айни кунда эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида муайян муддатга жалб қилиш масаласи ҳам фармонда ўз ифодасини топган.

Энг асосийси, ушбу раҳбар ходимлар ва мутахассисларга асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақининг тўлиқ тўлаб берилиши, уй-жой тўловлари масаласи ҳам эътибордан четта қолмасдан, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши аниқ белгиланган.

Фармонда 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилаётгани, уларнинг ушбу хизматлар билан малакаларини ошириб борган ҳолда шуғулланишлари белгиланиши муҳим янгиликлардан ҳисобланади.

Соҳага янгича фикрлайдиган жаҳон амалиётидан хабардор билимли кадрлар етказиб бериш ўта муҳим вазифалардан.

Шундан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга ошириш ва унда ўқитишнинг янги тизимини жорий этган ҳолда клиник ординатура ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилиши алоҳида муҳим вазифалар қаторида белгиланган.

Ҳар бир ҳудудда ўзига зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун тегишли маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратилиши ҳамда мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилатилаётгани соҳада малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш имконини яратади.

Давлат тиббиёт муассасалари билан қатор, нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш ва уларга янги имкониятлар яратиш масаласи фармонда ўз аксини топган.

Унга кўра 2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобиль тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этишга рухсат берилаётганини алоҳида тилга олиш зарур.

Яна бир муҳим янгилик 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этиш, эҳтиёжманд оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланиши, соҳага ахборот – технологияларини жалб қилиш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг шаффофлигини таъминлаш имконини яратади.

Фармонда юқорида биз тилга олганимиздан ташқари соҳани ривожлантириш буйича кенг қамровли вазифалар белгиланган.

Жумладан, соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этиш, ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассисларни тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан яшаш жойи билан таъминлаш чораларини кўриш, инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (кейинги ўринларда – Палата) 2021 йил 1 июлдан унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказиш каби қатор вазифалар, аҳоли саломатлиги мамлакатимизда биринчи даражали бойлик ва уни асраш асосий вазифа эканлигидан далолатдир.

 

Рауаж ОТАРБАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши раиси ўринбосари,

Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+