Аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар

16.04.2021 15:04:08

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳудуддаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрмоқда.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, ташрифдан кўзланган асосий мақсад – аввал қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилаш. Ташриф дастури жуда тиғиз. Шаҳар ва туманлардаги саноат корхоналари, туризм мажмуалари, транспорт инфратузилмаси, янги уйларни бориб кўриш режалаштирилган. Сафарнинг иккинчи куни халқ депутатлари, аҳоли вакиллари билан йиғилиш ўтказилиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари белгиланади.

Барчамизга яхши маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йил январь ва июль ойларида ҳам Самарқанд вилоятига ташриф буюрган эди.

Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Самарқанд вилоятида шу асосда дастурлар ва уларни амалга ошириш йўл хариталари тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.

Биргина мисол, вилоятимизда сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш, туристлар учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш масаласи қўйилган эди. Белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш йўлида 2020 йил ва жорий йилнинг уч ойида умумий қиймати 306 миллиард сўм бўлган 74 та лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, 1481 ўриндан иборат 30 та меҳмонхона, 39 та меҳмон уйлари очилди. Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча фаолият бошлади. Самарқанд туманининг Конигил қишлоғида мамлакатимиздаги биринчи туризм қишлоғи ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда Самарқанд шаҳри аҳолиснинг уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда Самарқанд туманидаги Қорасув массивида кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича берган топшириқлари асосида бугун ушбу масканда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими аҳоли давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай шарт-шароитлардан мамнун. Албатта, олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси таг замирида вилоятимизни янада обод этиш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилгани эътиборга молик.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+