Аҳоли муаммолари ҳал этилмоқда

18.07.2024 16:07:23

Марғилон шаҳридаги аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларининг электр таъминотини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Муҳаммадали Мўминов ҳам депутат сифатида, ҳам Марғилон шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи сифатида шаҳар аҳолиси билан жойларда сайёр қабуллар ўтказар экан, биринчи навбатда мурожаатчиларнинг электр таъминоти билан боғлиқ масалаларини тезкорлик билан ҳал этишга ҳаракат қилади.

Хусусан, шаҳарнинг «Ёйилма» маҳалла фуқаролар йиғини нуронийларининг қилган мурожаатларига кўра, ҳудуддаги 325-сонли трансформатор пункти ва ундан чиқувчи 0,4 кВ.ли электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди.

Таъмирлаш ишлари вақтида носоз изоляторларни янгисига алмаштириш, салқин симлар таранглигини ростлаш ҳамда дарахт шохларидан тозалаш ишлари бажарилмоқда.

Шунингдек, шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан жорий йил бошида режалаштирилган паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларини жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари давом этмоқда.Жумладан, шаҳардаги 175-сонли ҳамда 69-сонли трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Таъмирлаш жараёнида мутахассислар томонидан мазкур трансформатор пунктини мой сатҳини ростлаш, бўёқлаш, 0,4 кВли чиқиш қисмини тўлиқ янгилаш ва монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.

— Бундан 10 йил аввал Марғилон шаҳрида электр таъминоти жуда оғир аҳволда эди,- деди маҳалла улуғларидан бири Собирахон Қодирова. – Сектор раҳбарларига, депутатларга қилган мурожаатларимиз натижасиз қолмаяпти. Шаҳримиз кундан-кун чирой очяпти. Янги трансформаторлар олиб келиб ўрнатиляпти. Айниқса, бундан ёш болали келинларимиз хурсанд. Чунки, кир ювиш машиналари, чангютгичлар ишлаяпти. Тандирга ўт ёқиб ўтирмай, тайёр печларда мазали сомсаларни пишириб, шириндан –шакар пишириқларни пишириб дуоларимизни олишяпти.

Бизни Муҳаммадали депутатимиз ҳам одамжон. Шамол бўлибми ёки бошқа сабаблар билан электр таъминотида узилишлар содир бўлиб, муаммолар юзага келса зудлик билан зарурий чораларни кўришади. Илоҳим кам бўлишмасин.

Депутат – халқ хизматчиси. У зиммасидаги вазифа билан бир қаторда халқни мурожаатларини тинглаб, ўз сайловчиларини муаммоларини бартараф, «умрингдан барака топ!» деган дуолар билан қадр топади.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон»Адолат» СДП
Фарғона вилояти Кенгаши
матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+