Аҳоли саломатлиги йўлидаги касбга содиқлик

20.11.2021 18:11:58

Ушбу ҳафтада ижтимоий тармоқлар ва сайтларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Тошкент шаҳри шифохоналаридаги вазиятни туни билан ўрганганлиги тўғрисидаги хабарлар билан танишар эканман, бу юртимиздаги ҳар қандай мутахассис ва касб эгаси ҳам ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажара олишининг бир кўриниши эканлигини сездим.

Бу эса мамлакатимизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотларимиз қанчалик тўғри йўлда эканлигини кўрсатади.

Вазиятга батафсил тўхталадиган бўлсам, шундай хабарларнинг бирида юртимизда ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилаётганлиги ва ушбу хасталикларнинг энг юқори кўрсаткичи эса Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келаётганлиги айтилган. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар сезиларли даражада ортганлиги тўғрисида билдирилган.

Давлат ижтимоий сиёсатининг энг муҳим йўналишлари, барқарор ривожланиш омилларидан бири, бу аҳолига кафолатланган сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини самарали муҳофаза қилишдир.

Буни чуқур сезган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазири сифатида ишини энди бошлаган Б.Мусаев, 13 ноябрь куни тунда пойтахт шифохоналарини шахсан ўзи бориб болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ бўлган муаммоларни зудлик билан бартараф этишга киришганлиги ва эртаси куни пойтахтдаги шифо масканларида 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилиб, она ва болаларга даволанишлари учун етарли шароитлар ҳам яратилиб берилганлигининг ўзи касбга бўлган юқори содиқлик ва бошқаларга намунадир.

Бу билан мен ҳар қандай масъулиятли киши шу каби ишлари билан бошқаларга ўрнак бўла олиши билан ажралиб туришини билдиргим келди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда келгусида соғлиқни сақлаш соҳаси олис қишлоқ жойларида ҳам фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширишга, соғлиқни сақлаш соҳасида коррупцияга барҳам беришга ва давлат томонидан ажратилаётган бюджет маблағларининг тўғри тақсимланишига катта эътибор қаратишига ишонаман.

Аҳоли саломатлиги, айниқса, ёш авлод соғлиғи – қимматбаҳо бойлик бўлиб, замонавий давлат учун табиий ресурсларга қараганда қимматлироқ ресурс ҳисобланади.

Айнан соғлом аҳолига эга давлатгина кучли ва қудратли бўлиши мумкин. Халқимизни тиббиётдан рози қилишнинг аниқ йўлларидан бири, фуқароларимиз эртага эмас, бугун бахтли, фаровон яшашини таъминлашнинг чораларидан бири — шу.

Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+